“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар “Honeywell” компаниясининг Дубайдаги штаб-квартирасида истиқболли лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Жорий йилнинг 5-10 сентябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “Honeywell” компаниясининг Минтақавий штаб-квартирасида “Рақамли трансформация технологиялари” мавзуида семинар учрашуви бўлиб ўтди.

“Honeywell” компаниясининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ мазкур семинарда иштирок этди.

Учрашув аввалида, “Honeywell” компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича бош директори Мохаммед Мохайсен ва Марказий Осиё ва Туркия бўйича минтақавий президенти Уйгар Доюрангага Ўзбекистон Республикасида энергетика соҳасини ривожлантириш, соҳани рақамли трансформация қилиш ва шу билан бирга энергия ресурслари тежамкорлигини ошириш юзасидан истиқболли режалар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Музокаралар жараёнида “Honeywell” томонидан нефть ва газ, электр энергетика соҳаларида ривожлантиришнинг илғор тажрибалари асосида мамлакатимизда энергетика тизимини ривожлантириш борасида бошланган амалий ишлар сарҳисоб қилинди.

Шунингдек, семинар давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Honeywell” компаниясининг ҳамкорлигида жорий этилган технологик жараёнларни автоматлаштиришга доир лойиҳалар муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳаларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги кўлами юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Компания вакиллари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда маълумотлар узатишда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича “Honeywell Forge” ечими, ишлаб чиқариш жараёнлари ва марказий диспептчерлик хизмати учун “Honeywell Experion” (SCADA тизими) ечимлари билан танишиб чиқишди. Уларни амалиётга жорий этиш юзасидан “Honeywell” компанияси билан ҳамкорликнинг кейинги босқичлари белгилаб олинди.

Ташрифнинг иккинчи қисми “SAP” компаниясининг минтақавий офисида давом этилди. Ишчи гуруҳ томонидан мазкур компаниянинг “ERP” дастурий ишланмалари ўрганилди, тегишли тақдимотлар билан таништирилди, компаниянинг маҳсулотлари тест режимида намойиш этилди.

Тақдимот якунида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ERP лойиҳасини жорий этишда бош пудратчи учун тендер савдолари ўтказилиши маълум қилиниб, компания ўз маҳсулоти билан мазкур танловда иштирок этиш учун таклиф этилди.

Шундан сўнг, делегация вакиллари “MORO” компанияси офисига ташриф буюришди. “MORO DEWA” компанияси Дубай электр ва сув бошқармасининг қуйи ташкилоти ҳисобланиб, асосий фаолияти тизим ташкилотларига ахборот комуникация технологиялари хизматларини кўрсатишдан иборат.

Иштирокчилар ушбу компания томонидан жорий этилган бошқарув ва назорат автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлари, улардан фойдаланиш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ бунёд этилган маълумотларни қайта ишлаш маркази (датацентр) билан танишишди.

Ташриф якунида “Энергетика вазирлиги – “Honeywell” ҳамкорлик йўналишларининг истиқболлари” мавзусида амалий форум ҳам ташкил этилди. Унда хорижий экспертлар билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ташриф давомида эришилган келишувлар бўйича истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|