“Ўзбекнефтгаз”: Оқова сувларни тозаловчи иншоотнинг самарадорлиги кунига 360 метр кубдан 1000 метр кубгача оширилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Атроф-муҳитга юқори ва ўрта хавфли тоифага мансуб 240 та йирик саноат корхоналарида замонавий локал тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича дастури”га асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги 10 та корхона, яъни 4 таси янги қурилиш ва 6 таси қайта қурилиш тадбирларига киритилган.

Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан ишларни янада жаддалаштириш режалаштирилган бўлиб, оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, қайта қуриш ва янги замонавий иншоотларни барпо этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Самарали тадбирлар натижасида Шўртан газ кимё мажмуасининг ташқи оқова сувларни тозалаш иншооти модернизация қилинди ва самарадорлиги кунига 360 метр кубдан 1000 метр кубгача оширилди.

Амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 12,1 млрд сўмни ташкил этиб, лойиҳалаш ишлари “UNITED PROJECT” МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа доирасида оқова сувларни тозалаш иншоотида ҳосил бўладиган чиқиндиларни йиғишга мўлжалланган иллар майдонининг бўлинмаларида бетон ишлари амалга оширилиб иншоотнинг металлоконструкция ишлари тўлиқ модернизация қилинди ва ўрнига қуввати кунига 1000 куб метр бўлган янги темир бетонли ҳовузлар тўплами барпо этилди.

Шунингдек, модернизация ишлари мобайнида “Uzbekneftegaz GTL” заводининг ишчилар шаҳарчасида ҳосил бўладиган маиший оқова сувларни қабул қилиш учун насос хўжалиги барпо этилиб, маиший оқова сувларни тозалашга мўлжалланган қум ушлагич, оқова сувларни биологик тозалашга мўлжалланган аэратор қурилмаси, оқова сувларни ҳайдашга мўлжалланган насослар, тозаланган маиший оқова сувларни ультрабинафша нурлари билан зарарсизлантиришга мўлжалланган УФО қурилмаси ҳамда техник ҳаво билан таъминлашга мўлжаланган компрессорлар ўрнатилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур иншоот Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда “Uzbekneftegaz GTL” заводларининг ишчилар шаҳарчасида ҳосил бўладиган маиший оқова сувларни тозалаш учун хизмат қилади.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|