“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар “Ernst & Young Бизнес академияси”да ўз иқтисодий билим ва малакаларини оширишди

Бош саҳифа Русский

Бугунги кунда “Ernst & Young” аудиторлик ва консалтинг компанияси “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятининг трансформация қилинишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. МҲХС асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисоботни аудитдан ўтказиш, операцион самарадорликни ошириш, евробондларни жойлаштиришда молиявий маслаҳатчилик қилиш шулар жумласидандир. Ушбу компания билан ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати, бу “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари малакасининг доимий ошириб борилишидаги кўмаги ҳисобланади.

Яқинда 10 нафар мутахассис Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида жойлашган “Ernst & Young Бизнес академияси”да ўз иқтисодий билим ва малакаларини ошириб келишди.

Халқаро аудиторлик компания ташаббуси билан ташкил этилган ўқув машғулотларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати ва унинг шўъба корхоналари бўлган “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи”, “Шўртан газ кимё мажмуаси” ва “Uzbekistan GTL” масъулияти чекланган жамиятларининг бухгалтерия ходимлари иштирок этишди.

“Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосидаги молиявий ҳисобот, харажатларни таҳлил қилиш ва бошқариш” номли махсус ўқув курси амалий тренинг сифатида ташкил этилди.

Дастлаб “Ernst & Young Бизнес академияси” директори – бошқарувчи ҳамкори Ерлан Досимбаев ва аудиторлик компаниясининг Марказий Осиё бўйича аудиторлик практикаси раҳбари Пол Коун томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимларига мазкур тренингни мақсад ва вазифалари билан қисқача таништирилди.

Амалий тренингларда иштирокчилар корпоратив ҳисобот соҳасидаги глобал тадқиқотлар натижаси, молиявий капиталар бозорларида ESG-ҳисоботи билан боғлиқ ўзгаришлар, МҲХС асосидаги молиявий ҳисоботни тайёрлашда “тезкор ёпиш” амалиёти, компанияда молиявий хизматни ташкил этиш борасидаги билимларини янада мустаҳкамлашди.
Айниқса, ушбу машғулотлар мутахассислар учун МҲХС асосидаги молиявий ҳисоботда фирибгарлик белгилари мавжудлиги ва уларни камайтириш усуллари, компанияда молиявий режалаштириш ва таҳлил қилиш тизимини ривожлантириш, молиялаштириш манбаларининг инвестиция самарадорлиги кўрсаткичларига таъсирини ўзлаштириш борасидаги тажрибаларини бойитишда яхши имконият бўлди.

Шунингдек ўқув давомида кредит сиёсати ва дебиторлик қарзларини бошқариш, доимий ва ўзгарувчан харажатларнинг компания ҳаёт циклидаги ўзгаришларга таъсири, корхонада “Finance Shared Service”ни ташкил этишнинг замонавий тенденциялари, молиявий хизматлар ва нефтгаз соҳасидаги корхоналарда рискларнинг аниқланиши ва уларни камайтириш усуллари, рискларни таҳлил қилиш ва молиявий таҳлилда маълумотларни “MS Excell” ёрдамида визуализация инструментларида фойдаланиш мавзуларидаги маърузалар тингланди ва амалий тренинглар бажарилди.

Маърузалар “Ernst & Young Бизнес академияси”нинг “АССА” халқаро профессионал дипломга эга бўлган тажрибали мураббийлари – Виктор Коваленко, Айнура Казенова, Гулнар Мусрепова ва Камилла Сиздиковалар томонидан ўқилди ва интерфаол усулда амалий машғулотлар олиб борилди.

Ўқув курси доирасида халқаро аудиторлик компаниясининг Алматидаги идорасининг мутахассислари билан бизнес-учрашувлар ҳам ташкил этилди. Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2021 йил учун МҲХС асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузишда ва уни аудитдан самарали ўтказишда келгусида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди ҳамда тегишли тавсиялар олинди.

Ўқув курси ва амалий тренинг сўнггида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимларига “Ernst & Young Бизнес академияси” томонидан сертификатлар тақдим этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Моливий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|