December 30, 2021

“Сурхон овози” газетасида эълон қилинган мақолага расмий муносабат

Бош саҳифа Русский

“Сурхон овози” газетасида эълон қилинган мақолада “А-80” маркали бензини муаллиф борган Термиз шаҳридаги давлат АЁҚШда сотилмаётгани, ушбу русумдаги бензиннинг нархи қиммат эканлиги ҳақида сўз борган. Мақолада билдирилган ҳолатлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ “UNG Petro” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўрганилди.

Ҳолат ҳақида янада батафсил маълумотлар олиш учун масъул ходимлар томонидан мақола муаллифи Жўраназаров Қурбонбой Амантурдиевич билан 2021 йил 22 декабрда боғланиб, суҳбат ўтказилди ва мухбирнинг барча саволларга жавоблар ва тушунтиришлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра, мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда нархларни бозор тамоиллари асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш чоралари кўрилаётганлиги боис автомобиль бензини ва дизель ёнилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 78 фоиздан ортиғи “АИ-80” маркали автобензини ҳисобланиб, жамият таркибидаги “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги АЁҚШларида “АИ-80” автобензини нархи 1 литр учун 6500 сўм қилиб белгиланган.

Шунингдек “UNG Petro” МЧЖ қарашли АЁҚШларга кунлик тақсимот-режаси асосида “АИ-80”, “АИ-92” ва “АИ-95” автобензинлар етказиб берилмоқда.

Қолаверса бензин тақчиллиги кузатилгани сабабли интернет ижтимоий тармоқларида танқидий муҳокамалардан сўнг “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, “Ишчи гуруҳ”лари тузилиб, нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олинган.

Бензин тақчиллигини олдини олиш ва унинг нархларини арзонлаштириш борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “Товар хомашё биржаси” АЖ ҳамкорлигида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Натижада “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли АЁҚШларда бугун, 17 декабрь кунидан бошлаб “АИ-80” маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, ҳар бир литри учун 6500 сўм нархда сотувга чиқарилди.

Республика ҳудудидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча АЁҚШларда бензин шу белгиланган нархда сотилиши таъминланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|