“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёдаги “Ўртабулоқ” конидан қўшимча табиий газ оқимини олишга эришилди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан жамиятга тегишли конларнинг углеводородлар захираларини ошириш ҳамда улардан табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида кенг кўламли геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу мақсадларда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти томонидан ишлаб чиқилган “2021 йилга мўлжалланган углеводород хом-ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш Дастури” доирасида Республикамизнинг Устюрт, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Андижон вилоятларининг ҳудудларида геофизик тадқиқотларни ўтказиш, янги майдонларни бурғулашга киритиш ва углеводород заҳираларини ўстириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2021 йилги Дастур доирасида Қашқадарё вилоятида жойлашган “Ўртабулоқ” терриген юра конидаги 3-сонли излов қудуғи 3008 метр чуқурликка, юра даври террегин ётқизиқларининг XVIII маҳсулдор қатламигача бурғилаб тугатилди.

Ўртабулоқ 3-сонли қудуқдан олинган маълумотларни комплекс таҳлил қилиш натижасида унда бир қатор нефт ва газга истиқболли қатламлар мавжудлиги аниқланди.

Қудуқдаги XVIII қатламда синов ишларини олиб бориш натижасида ундан табиий газ оқимини олишга эришилди ва ушбу қатламнинг истиқболли эканлиги баҳоланди.

Бундан ташқари “Ўртабулоқ” конининг XV-риф ва XV-риф усти қатламларини ҳам маҳсулдорликка синаш ишлари амалга оширилиб, натижада кунлик 51 минг куб метрдан ортиқ табиий газ оқимини олишга эришилди ва қудуқ табиий газ қазиб чиқаришни ташкиллаштириш мақсадида Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига топширилди.

Ҳозирда “Ўртабулоқ” терриген юра конининг чуқур ер ости параметрларини аниқлаш, унинг ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолаш ҳамда 4-сонли қудуқнинг жойлашиш ўрнини белгилаш мақсадида барча маълумотларни қайта ишлаш ва тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|