January 13, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: 2021 йилда нефть ва газ қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича белгиланган режа кўрсаткичлар бажарилди

Бош саҳифа Русский

2021 йилнинг январь-декабрь ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан углеводородларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга қаратилган ишларнинг самарали амалга оширили натижасида барча йўналишларда белгиланган режа кўрсаткичлари бажарилди.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги қарорига асосан ишлаб чиқилган “2017 – 2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш дастури” ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисинининг буйруғи билан тасдиқланган “Углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар” дастуруламал бўлиб хизмат қилди.

Аҳолининг ва мамлакат иқтисодиётининг углеводородларга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш, нефтгаз тармоғининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, истиқболли майдонлар ва конларда қудуқлар ва объектлар қуришни жадаллаштириш йўли орқали углеводород қазиб олиш ҳажмларини оширишга эришилди.

Хусусан, 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида 164 та қудуқ бурғилашдан, 733 та қудуқ мукаммал таъмирлашдан ва 44 та технологик объектлар қуриб ишга туширилди. Ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилиши натижасида, қўшимча 5011,9 млн куб метр табиий газ, 95,7 минг тонна газ конденсати, ҳамда 6,9 минг тонна нефть қазиб чиқарилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган геолого-техник чора-тадбирларни амалга оширилиши ва мавжуд қудуқларни самарали ишлатиш натижасида, ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан нефть ва газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш режа кўрсаткичларининг бажарилиши қуйидагича бўлди:

• Табиий газ – 33 904 млн куб метр,

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,4% ёки қўшимча 800 млн куб метрга кўп;

• Нефть – 116,1 минг тонна, режага нисбатан 106,5%;

• Конденсат – 1429,5 минг тонна, режага нисбатан 103,4%;

• Суюлтирилган газ – 645,1 минг тонна, режага нисбатан 100,3%;

• Олтингугурт – 258,0 минг тонна, режага нисбатан 125,3%;

• Полиэтилен – 135,2 минг тонна, режага нисбатан 104,0%;

• Автобензин – 897,5 минг тонна, режага нисбатан 112,3%;

• Дизель ёнилғиси – 397,2 минг тонна, режага нисбатан 189,6%.

Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида 2022 йил ҳам геология ва излов-қидирув ишлари бўйича тадбирлар режаси белгилаб олинди. Жорий йилда 75 та табиий газ қудуқларини бурғилаш тадбирлари ишлаб чиқилди. Геология ишларини жадаллаштириш ҳисобига 2022 йилда 35 млрд куб метр газ қазиб чиқариш белгиланди.

Шунингдек, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси “Денгизкўл” конида сиқув компрессор станциясини ишга тушириш, табиий газ қазиб олиш барқарорлигин таъминлаш мақсадида “Култак”, “Шумак”, “Гирсан” ва “Чўлқувар” конларида ҳам кичик сиқув компрессор станцияларини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|