June 14, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуасида полиэтилен ҳамда полипропилен ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида барпо этилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводининг қурилиш майдонига ташриф бюрган эди.

Ташриф давомида давлат раҳбари томонидан “Uzbekneftegaz GTL” заводида нафта хомашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш эвазига экспорт ҳамда импорт ўрнини босувчи хомашё материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ғояси илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 11 майда қабул қилинган ПҚ–2965-сонли қарорга асосан “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига кўра, ушбу инвестиция лойиҳа доирасида Шўртан газ кимё мажмуасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳанинг тахминий қиймати 1,8 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида “GTL” заводида ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш натижасида, йилига, юқори ликвидли бўлган 280 минг тоннагача полиэтилен ва 100 минг тоннагача полипропилен ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Буюк Британиянинг “HIS Markit” компанияси томонидан ўтказилган маркетинг тадқиқотлар натижасида янги заводда полиэтилен ва полипропиленнинг юқори талабга эга маркаларини ишлаб чиқариш таклиф қилинди.

Янги заводда ишлаб чиқарилиши мўлжалланган юқори зичликдаги полиэтилен ва полипропилен кенг соҳаларда ишлатилиши кўзда тутилган бўлиб, улар қувурлар, пленка ва толалар ишлаб чиқариш ҳамда экструзия жараёнларига мўлжалланган. Бу турдаги маҳсулотлар ҳозирги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки яқин хорижда ҳам ишлаб чиқарилмайди.

Лойиҳани молиялаштириш мақсадида Россиянинг “Газпромбанк” АЖдан 300 млн АҚШ доллар кредит жалб қилинди. Бундан ташқари лойиҳавий молиялаштириш тамойилига асосланган кредит маблағларини жалб қилиш мақсадида Хитой давлат ривожланиш банки, Синошур экспор-кредит агентлиги ва Европа молиявий институтлар билан ишлар олиб борилмоқда.

Шу кунга қадар лойиҳа доирасида юқори малакага эга бўлган Буюк Британиянинг “Worley Parsons” компанияси томонидан кенгайтирилган базавий лойиҳалаштириш (FEED) ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари лойиҳа доирасида дунёда таниқли бўлган ишлаб чиқариш лизензиарлари танланган бўлиб, улар АҚШнинг “Сhevron Pilliphs Chemical” (полиэтилен ишлаб чиқариш) ва “McDermott” (полипропилен ишлаб чиқариш ва нафта крекинги қурилмаси) компанияларидир.

Лойиҳани амалга ошириш учун Сингапурнинг “ENTER Engineering” компанияси билан батафсил лойҳалаштириш, ускуналарни сотиб-олиш ва қуриш учун шартнома имзоланди.

Бугунги кунга қадар ЕРС – пудратчи томонидан лойиҳага жами 528 юқори малакали мутахассис жалб қилинган. Лойиҳа доирасида батафсил лойиҳалаштириш ишлари 46 фоизга якунланди.

Батафсил лойиҳалаштириш ишларига Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering” ва “DJS ENGINEERING AND CONSTRUCTION” компаниялари жалб қилинган бўлиб, уларнинг юқори малакали ва катта тажрибага эга бўлган муҳандислари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Шўртан газ-кимё мажмуасининг етакчи мутахассислари билан биргаликда лойиҳалаштириш ишларини амалга оширишмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнларини мувофиқлаштириш учун буюртмачига ёрдам бериш мақсадида “Bureau Veritas Certification service” компанияси ҳам жалб қилинган.

Ҳозирги кунга келиб асосий ускуналарни етказиб берувчиларни олдиндан саралаш жараёни давом этмоқда. Умумий 381 тадан 110 та асосий технологик ускунани ишлаб чиқаришга буюртма берилди.

Жумладан Германияда совутиш ва маҳсулотни қадоқлаш ва изобутан-азот қайта ишлаш ускуналари, полимеризация реактор агитатори, полимеризация реактори, Хитой Халқ Республикасида полиэтилен кукуни ва маҳсулотни трансфер қилиш ускунаси ҳамда сфера резервуари, Жанубий Кореяда полипропилен кукуни ва маҳсулотни трансфер қилиш ускунаси ва рецикл изобутан насоси, Францияда полимер кукуни ва қўшимчалар етказиш ускуналари, Италияда совутиш ускунаси ва халқасимон реактор, АҚШда реактор циркуляция насоси, Канадада “Blow Film” экструдер қурилма пакети, Туркияда “Захира резервуари-1”, “Захира резервуари-2”, Голландияда “Резервуар” ва “Крекинг печи (SRT Furnaces)” каби ускуналар буюртма асосида тайёрланмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда полиэтилен ҳамда полипропилен ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб, юртимизда сифатли ва экспорт товарлар ишлаб чиқариш учун замин яратилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|