February 5

“Ўзбекнефтгаз” АЖда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш буйича тажрибаси эътироф этилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 28 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари(МҲХС)га ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорининг амалга оширилиши натижаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбати Республикамизда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш ва шунингдек, МҲХС асосида тузилган молиявий ҳисоботни тақдим этиш масалалари ва муаммоларига бағишланиб, ушбу анжуманда миллий иқтисодиётнинг реал секторидаги йирик компаниялар (“Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Навоий ТМК”, “Олмалиқ ТМК”, “Ўзметкомбинат”, “Ўзавтосаноат”, “Ўзтелеком” ва шу кабилар)нинг бош бухгалтерлари ва МҲХС буйича мутахассислари, “катта тўртлик”ка кирувчи халқаро аудиторлик компаниялар мутахассислари, МҲХСни жорий этиш билан шуғулланувчи консалтинг компаниялар, республикамиздаги аудиторлик ташкилотлари ҳамда бухгалтерлар ва аудиторлар жамоат бирламашмалари (федерациялари) раҳбарлари иштирок этишди.

МҲХСни жорий этиш муаммоларига бағишланган мазкур давра суҳбати гибрид шаклда, яъни Ўзбекистон Республикаси молия вазирлигининг биносида бевосита иштирок этиш (офлайн) ҳамда жойлардан видеоселектор кўринишида (онлайн) ташкил этилди.

Давра суҳбатини Молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султанов очиб бериб, иштирокчилар диққатига анжуманнинг мақсади ва кўзланаётган натижалар ҳақида маъруза қилиб, МҲХСни жорий этишда республикамиз корхона ва ташкилотлари олдида турган қийинчиликлар тўғрисида фикр алмашишни таклиф этди.

Давра суҳбатида бевосита иштирок этган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Ҳамза Тухсанов сўз олиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖда МҲХСни жорий этиш бўйича эришилган ютуқлар, йирик компаниялар ичидан биринчилар қаторида 2016-2020 йиллар учун МҲХС асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботнинг тузилиши ва уларни “Ernst & Young” халқаро аудиторлик ташкилотидан томонидан аудит қилиниб ижобий хулосалар олинганлиги ва расмий веб-сайтда эълон қилинганлиги, 2021 йилдан бошлаб МҲХС асосида ярим йиллик учун ҳисоботлар тузилиши ҳамда мазкур ҳисоботлар асосида 2021 йилнинг 11 ноябрида Лондон халқаро фонд биржасида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг еврооблигацияларни жойлаштиришга эришганлиги тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шунинг билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорининг самарали амалга оширилиши йўналишидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз таклифларини тақдим этди, жумладан:

1. Молиявий ҳисобот бўйича қонунчиликда МҲХС асосидаги “консолидациялашган” ва “алоҳида” молиявий ҳисоботнинг тушунчаларини киритиш ҳамда ушбу ҳисоботларни тақдим этиш тартибларини яратиш;

2. Консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузадиган компанияларнинг шўъба корхоналари учун МҲХС асосида алоҳида молиявий ҳисоботнинг тузилиши ва тақдим этиш тўғрисидаги тартибини ишлаб чиқиш;

3. “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан МҲХС асосида тузилган “Счетлар режаси” асосида бошқа корхоналар учун тавсиявий намуна ишлаб чиқиш;

4. Республикадаги аудиторлар ва бухгалтерлар жамоат бирлашмалари (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар ассоциацияси, Ўзбекистон аудиторлар палатаси, Ўзбекистон бухгалтерлари федерацияси) томонидан республикамиздаги аудиторлик ташкилотларининг МҲХС асосидаги ҳисоботларни аудит қилиш бўйича ишларини ташқи сифат назоратини ўтказишда “катта тўртлик”га кирувчи халқаро аудиторлик компанияларининг аудит қилиш методологиясига мос келиши бўйича меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш ва уни жорий этиш;

5. МҲХС асосида тузилган молиявий ҳисоботни солиқ органларига тақдим этишнинг тартибини такомиллаштириш ва бошқалар.

Давра суҳбатида амалиёт мутахассислари томонидан берилган таклифлар Молия вазирлиги томонидан қайд этилиб, яқин кунларда МҲХС асосида тузиладиган молиявий ҳисоботни тақдиш этиш масаларини ойдинлаштирувчи Маълумотнома эълони (информационное сообщение) тайёрланиши ва оммага тақдим этилиши тўғрисида қарор қилинди.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|