“Ўзбекнефтгаз”: Нефть маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш масалалари муҳокама қилинди

Бош саҳифа Русский

2021 йил 19 май куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефтни қайта ишлаш, нефт-кимё, нефть маҳсулотларини сақлаш ва транспортировка қилиш департаменти раҳбарлигида янаварь-апрель ойлари учун белгиланган кўрсаткичлар ижросига бағишланган видео-селектор йиғилиши ўтказилди.

Унда жамият тасарруфидаги нефть базалар, “Бухоро” ва “Чиноз” нефтни қайта ишлаш заводлари раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда нефть базалар ва уларга қарашли филиалларда нефть маҳсулотларининг сотилиши таҳлил қилинди. Фаолиятида қолоқликка йўл қўйилаётган корхоналарга нефть маҳсулотларини сотиш ва муаммоларни олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, нефть базалар ва уларга қарашли филиалларнинг 2021 йил биринчи чорак молиявий-хўжалик фаолияти якунлари билан эришилган молиявий натижалари ва нефть маҳсулотларини етказиб берилишида юзага келган дебитор қарздорликлар ва уларнинг ундириш масалалари таҳлил қилинди.

Аввал хабар берганимиздек, янги барпо этилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводида ишлаб чиқиладиган тайёр маҳсулотларни республика истеъмолчиларига узлуксиз етказиб бериш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи асосида жамият тасарруфидаги жами 15 та нефть базалари билан тайёр маҳсулотни сақлаш учун шартномалар тузилган. Ишлаб чиқарилиши режалаштирилган синтетик дизель маҳсулоти биржа савдолари орқали тўғридан-тўғри заводдан сотилиши билан бирга, республика миқёсидаги барча нефть базалари орқали сотилиши белгиланган.

Йиғилишда нефть базалари ва уларга қарашли филиалларда “GTL” заводида ишлаб чиқариладиган дизель ёнилғисини қабул қилиш бўйича тайёргарлик ишларининг бориши ҳолати кўриб чиқилди.

Хусусан, нефть базаларда синтетик дизель ёнилғисини сақлаш учун жами 26,5 куб метр ҳажмли сиғимларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Бундан ташқари, йиғилишда асосий эътибор “Бухоро” ва “Чиноз” нефтни қайта ишлаш заводларида 2021 йилнинг I-ярим йиллик прогноз кўрсаткичларини бажарилиши юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳам қаратилди.

Жумладан, жорий йилнинг I-ярим йиллик кўрсаткичлари ижросини таъминлаш бўйича хорижий компаниялар билан олиб бориладиган музокаралар натижасида энг мақбул нархларда “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводига хомашё импорт қилиш чораларини кўриш масаласи ўртага ташланди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги қарори доирасида нефть базаларига тегишли бўлган фермерларга ёқилғи тарқатиш шохобчаларини сотиш борасидаги ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Йиғилиш сўнггида 2021 йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган устувор йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харита” доирасида ҳар бир нефть база ва нефтни қайта ишлаш заводлари раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|