February 14

“Ўзбекнефтгаз”: “Dubai Expo 2020” кўргазмасининг дастлаки куни самарали келишув ва таклифларга бой бўлди

Бош саҳифа Русский

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 12-16 февраль кунлари Дубай шаҳрида ўтказилаётган “ЭКСПО–2020” халқаро кўргазмасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам ўз экспозицияси билан иштирок этмоқда.

Кўргазманинг биринчи кунида экспозициянинг рамзий очилиш маросими ташкил этилди ва Энергетика ҳафталигига старт берилди. Унда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Иссиқлик энергетика станциялари” АЖ, “Азия Транс Газ” ҚК раҳбар ва ходимлари, шунингдек, хорижий компания ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасида нефть ва газ соҳасида амалга оширилаётган трансформация жараёнлари, халқаро молия бозорига чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, инвестиция лойиҳалари ҳақида ахборот берилди.

Шундан сўнг, “KPMG” (АҚШ) компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича раҳбари Василий Савин билан учрашув бўлиб ўтди. Хорижий компания вакили томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан атроф-муҳит ва ижтимоий соҳаларга саноатнинг салбий таъсирини камайтирувчи (ESG) стандартларни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилди.

Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари томонидан айни пайтда хорижий консалтинг компаниялари (BCG) билан нефть ва газ соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, хусусан атроф муҳитга саноат таъсирини камайтириш бўйича ишлар ҳамда ESG стандартларини ўзлаштириш режалари ҳақида маълумот берилди.

Экспозициянинг биринчи кунида Туркманистон Республикаси “Дубай-Экспо–2020” павильони директори, Энергетика вазирлиги вакили Максад Боржаков билан учрашув ўтказилди. Уларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ экспозициясини таништириш давомида “GTL” лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ҳафталик давомида Туркманистон павильонида “Туркманнебит” давлат концерни вакиллари билан ҳам учрашув ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, “Uzbekistan GTL” МЧЖ вакилларининг “D.G.A Iron ore Trading” ҳамда “REX Resiurces FZE” хорижий компаниялари вакиллари билан учрашувлари ўтказилди. Меҳмонлар “Uzbekistan GTL” заводи маҳсулотига қизиқиш билдириб, келгусида маҳсулотни бир қанча хорижий давлатлар, хусусан Эрон, БАА ва бошқа давлатларга экспорт қилиш имкониятлари бўйича ўз хизматларини таклиф этишди.

Бундан ташқари, “Petro Pipe” компанияси (ОАЭ) вакиллари билан бурғилаш қувурларини Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириш имкониятлари ҳақида суҳбатлашилди. Компания вакилларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг қувур маҳсулотига бўлган эҳтиёжи ҳақида ахборот берилди. “Petro Pipe” компанияси билан Қашқадарё вилоятида юқори босимли идишларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва “Himma Middle East ZFE” (Дубай) компанияси ўртасида технологик тизимларни хавфсиз ўчириб-ёқиш, бошқариш, фавқулодда тўхтатиш тизимини автоматик назорат қилиш бўйича хизмат кўрсатиш шартномаси имзоланди. Мазкур компания “GTL” технологияси лицензиари ҳисобланган “Sasol” (ЖАР) компанияси томонидан тавсия этилган бўлиб, шартномага мувофиқ “Himma Middle East ZFE” (Дубай) компанияси томонидан узоқ муддат давомида тегишли хизматлар кўрсатилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|