“Ўзбекнефтгаз”: “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асослари” ўқув курси бўйича тренинглар ташкил этилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Молиявий ҳисоботда халқаро стандартларнинг тадбиқ этилиши – ҳисобнинг ягона усулларини қўллаш орқали компанияларнинг ички бошқарув тизимини такомиллаштириш, манфаатдор томонларга корхонанинг молиявий ҳолати тўғрисида маълумот бериш ва компаниянинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.

Мутахассисларни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича тайёрлаш йирик компаниялар ривожланишида стратегик аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, компаниянинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Чунки бундай мутахассислар компаниянинг молиявий ҳолати ва натижаларини МҲХС асосида шаффоф ва ишончли тақдим этилишида муҳим роль ўйнайди.

Шунинг учун бундай мутахассисларга компания томонидан ўқитиш сарфларининг қопланиши ҳамда сертификатланган мутахассисларни доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 июль куни имзоланган ПҚ–4388-сон ва 2020 йил 24 февралда тасдиқланган ПҚ–4611-сон Қарорларида, айнан стратегик аҳамиятдаги корхоналар ходимларининг МҲХС бўйича билим олишига ва уларни ушбу курсларда ўқитиш бўйича асослар яратиб берилган.

Мазкур қарорлар ижроси ҳамда ўз ходимларининг замонавий ва долзарб мавзуларда билим олишини кўзлаган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан ходимларни МҲХС бўйича DipIFR дипломини олиш курсларида ўқитиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, жаҳон миқёсида кенг эътироф этилган “АССА” (Association of Chartered Certified Accountants) профессионал бухгалтерлар ва аудиторлар уюшмасида “Ўқитиш бўйича партнёр” сифатида аккредитациясидан ўтган “Profi Training” Бизнес мактаби билан ходимларни ўқитиш бўйича шартнома имзоланди.

Жорий йилнинг 25 ноябридан 2021 йилнинг 24 январигача бўлган вақтда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаментининг 20 дан ортиқ ходимларига “Profi Training” Бизнес мактабининг маҳоратли бизнес-тренери Толмачева Александра томонидан “МҲХС асослари” курси бўйича ўқув тренинги ўтказилади.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўлими бошлиғи Ҳамза Тухсановнинг маълум қилишича, ўқув тренинг натижаларига кўра, ходимлар синов имтиҳони топширишади ва ижобий кўрсаткичларга эришган ходимлар кейинги босқич, яъни “МҲХС бўйича чуқурлашган курс” ёки DipIFR дипломини олиш курсида ўқитилади ҳамда Бизнес мактабнинг алоҳида совринига эга бўлади.

Александра Толмачева

· Молиявий директор сифатида 12 йилдан ортиқ тажрибага эга;

· Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида бухгалтерия ҳисобини ўрнатиш тажрибасига эга (“Ўзавтосаноат” АЖ, “KPMG” халқаро аудиторлик компанияси, “WorleyParsons” халқаро инжиниринг компанияси, Hilton Tashkent City, МЧЖ “TEAM UNIVERSITY”);

· МҲХС асосида ҳисобот тузиш бўйича 5 йиллик аудиторлик амалиётига эга;

· CIPA сертификати, DipIFR (ACCA) дипломи и CIMA дипломи (P1), (P2) соҳибаси;

· Сертификатланган бизнес-тренер;

· 2016 йилда “Йилнинг энг яхши бухгалтери” мақомини қўлга киритган;

· “Norma.uz”, “Buxgalter.uz” таҳририятида қатор муаллифлик мақолалари чоп этилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|