“Ўзбекнефтгаз”: Марказий аппарати ходимлари учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича тренинг ташкил этилди

Бош саҳифа Русский

Кенг доирадаги мутахассисларга маълумки, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)ни жорий этиш ҳамда МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, ҳар бир компаниянинг қатор бизнес-жараёнлари ва уларнинг фаолияти натижаларига бевосита боғлиқдир.

Мисол учун, МҲХС асосида тузиладиган молиявий ҳисоботда бухгалтерия маълумотларидан ташқари, компаниянинг иқтисод ва режалаштириш, инсон ресурсларини бошқариш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ходимлар меҳнатини ташкил этиш ва манфаатдорлигини ошириш, корпоратив бошқарув, ахборот-коммуникациялар технологиялари, юридик бўлим, маркетинг (сотиш), харидлар, ишлаб чиқариш жараёнларини мувофиқлаштириш ва шу каби бўлинмаларнинг йил давомидаги маълумотларидан кенг фойдаланилади.

Шунинг билан бирга, ушбу бўлинмаларнинг менежерлари ва ходимлари ҳам МҲХС асосида тузилган молиявий ҳисоботнинг фойдаланувчиси сифатида ҳам намоён бўлади.

Албатта, бундай ҳолатда мазкур мутахассислар томонидан МҲХС, шу жумладан, молиявий бошқарув асосларини билиш катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июлда имзоланган ПҚ–4388-сон ва 2020 йил 24 февралда тасдиқланган ПҚ–4611-сон Қарорларида, айнан стратегик аҳамиятдаги корхоналар ходимларининг, нафақат бухгалтерия ҳисоби ходимлари, балки бошқа манфаатдор бўлинмалар ходимларининг ҳам МҲХС бўйича билим олишига ва уларни ушбу курсларда ўқитишга замин яратиб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан ўз ходимларининг замонавий ва долзарб мавзуларда билим олишини кўзлаган ҳолда, жаҳон миқёсида кенг эътироф этилган АССА (Association of Chartered Certified Accountants) профессионал бухгалтерлар ва аудиторлар уюшмасида “Ўқитиш бўйича партнёр” сифатида аккредитациясидан ўтган “Profi Training” Бизнес-мактаби билан бухгалтерияга оид бўлмаган мутахассисларни ҳам ўқитиш бўйича шартнома имзоланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг департамент ва мустақил бўлимларнинг 24 нафар ходимларига “Profi Training” Бизнес мактабининг маҳоратли бизнес-тренерлари Шалунова Татьяна ҳамда Вагизова Наиля томонидан “Молиячи бўлмаган мутахассислар учун МҲХС” курси бўйича ўқув тренинглари бошлаб юборилди.

Мазкур ўқув курси жорий йилнинг 26 февралига қадар давом этиб, унда ходимларимиз МҲХС ва молия соҳаси бўйича ўз билимларини юксалтириши, раҳбарлар, инвесторлар ва акционерлар учун молиячилар тилида маълумотларни тақдим этишга ўрганишлари, мустақил равишда бухгалтерия баланси, фойда ёки зарар тўғрисида ҳисобот, пул оқимлари тўғрисида ҳисоботни мустақил равишда тузиш имкониятига эга бўлишлари, компаниянинг ҳисоботларидан қайси керакли маълумотлар олиш ва таҳлил қилишлари, компания фаолиятини қандай режалаштириш ва прогнозлаштириш ва бошқа муҳим масалаларни билиб олишлари мумкин бўлади.

Албатта, одат бўлганидек, ўқув тренинг натижаларига кўра, ходимлар синов имтиҳони топширишади ва ижобий кўрсаткичларга эришган бошқа бизнес курсларида таҳсил олишлари ҳамда Бизнес-мактабнинг алоҳида совринига эга бўлишади.

МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

Наиля Вагизова

  • Ўзбекистонда молия бўйича биринчи интерфаол маркет-плейс таъсисчиси;
  • бизнес-жараёнларни яратиш ва оптимизациялаш бўйича 6 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис;
  • лойиҳаларни бошқаришдаги тажрибаси 4 йил ва 25дан ортиқ лойиҳалар амалага оширган;
  • “Profi Training” бизнес-академиясининг маркетинг тадқиқод бўйича эксперти;
  • Профессионал менежер дастури бўйича Ўзбекистон-Япония маркази битирувчиси;
  • Сертификацияланган бизнес-тренер ва қатор халқаро бизнес-форумлар иштирокчиси

Татьяна Шалунова

  • Иқтисодий соҳадаги (аудитор) тажрибаси 18 йил ва педагогик тажрибаси 12 йил;
  • Ўзбекистон Республикаси солиқ маслаҳатчилари Палатаси Эксперт кенгани аъзоси ва “NORMA” компаниялари гуруҳи эксперти;
  • МҲХС бўйича Диплом (DipIFR) соҳибаси;
  • Шарқий Европадаги йирик “Синергия” Бизнес-мактаби бизнес тренери;
  • Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA);
  • “Profi Training” бизнес мактабининг директори ва тренери;
  • Бухгалтерия ҳисоби бўйича 3та ўқув қўлланмаси ва иқтисод соҳасида 30дан ортиқ мақолалар муаллифи.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|