“Ўзбекнефтгаз”: “Денгизкўл” сиқув компрессор станциядаги қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари муваффақиятли якунланди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Денгизкўл” сиқув компрессор станциядаги қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари чет эл мутахассисларини жалб қилмасдан бошқармасининг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўтказишга эришилди.

Ушбу сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси “Денгизкўл” конидан табиий газнинг самарали қазиб олинишига эришиш, шунингдек, паст босимли қудуқлардан келаётган табиий газнинг босимини ошириб, Муборак газни қайта ишлаш заводига юборишдан иборатдир.

Сиқув компрессор станциясида умумий 4 дона газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд бўлиб, айнан ушбу агрегатлар табиий газнинг босимини кўтариш ва Муборак газни қайта ишлаш заводига юбориш ишларини бажаради. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, уларнинг атиги биттасининг тўхтаб қолиши кунлик 1,9 миллион кубометрга яқин табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига олиб келади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда 300-сонли газ ҳайдаш агрегатида қайта тиклаш-таъмирлаш ишларини тезкор равишда ўтказиш зарур эди. Буни амалга ошириш учун “Денгизкўл” компрессор станцияси 300-сонли газ ҳайдаш агрегатида ўрнатилган “Waukesha 16V275GL” русумли газпоршенли двигателларни қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари ишлаб чиқарувчи заводнинг йўриқномасига асосан амалга оширилди. Ушбу двигателни таъмирлаш ишларини юқори малакали ва тажрибага эга бўлган чет эл ташкилотларидан мутахассисларини жалб қилинмасдан департамент ва бошқарма малакали мутахассис-ходимлари томонидан амалга оширилиб, муваффақиятли ишга қўшиб юборилди.

Қайта тиклаш-таъмирлаш ишларини ўтказиш жараёнида газпоршенли двигателнинг тирсакли вали, мой сақлаш картерлари, маховик ва демпферлар ўрнатилиш жойлари тўлиқ кўздан кечирилди. Бир қанча турдаги зичлагичлар алмаштирилди, цилиндр блокларига гилзалар ўрнатилди, поршен ва шатунлари йиғилиб, цилиндр блокларига терилди, шатунларнинг ва тирсакли валнинг вкладишлари алмаштирилди.

Шунингдек таъмирлаш жараёнида бир қанча техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблашлар ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилди.

Натижада 300-сонли газ ҳайдаш агрегатининг узлуксиз, бир меъёрда ишлаши таъминланишига ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришини олдини олишга эришилди. Шунингдек, регламент ишларини бажариш ва газ ҳайдаш агрегати фавқулодда аварияли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда газ қисқаришини олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланди.

Маълумот учун: “Денгизкўл” сиқув компрессор станциясидаги барча қурилмалар ва жиҳозлар Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган ва 2009 йилда Италиянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ушбу қурилмалар ўрнатилиб, 2011 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|