“Ўзбекнефтгаз”: Бир вақтнинг ўзида “Мароқанд нефть базаси” МЧЖ Фермерларга ёқилғи тарқатиш шохобчаси оператори ва фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаётган “уддабуронлар” аниқланди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи асосида “Мароқанд нефть базаси” МЧЖда “Молиявий ва комплаенс назорат” департаменти томонидан тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебитор ва кредитор қарзларни камайтириш ва фаолият самарадорлигини ошириш масалаларида амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ўтказилган ўрганишда бир қатор молиявий хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:

Жумладан, МЧЖ ва унинг филиаллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли қарори талабларига сурункали риоя этмаган ҳолда фермер хўжаликларига нефть маҳсулотларини олдиндан 100 фоиз тўловсиз етказиб берганлиги оқибатида жорий йил ярим йиллик якунларига кўра, 7 млрд 54 млн сўм дебитор қарздорлиги юзага келган.

Шу жумладан, Нуробод филиалида қарздорлиги мавжуд бўлган 76 та фермер хўжаликларининг ер майдонлари 2019 йил давомида тегишли туман ҳокимларининг қарорлари асосида захирага олиниб, фаолияти тўхтатилганлиги сабабли, эндиликда уларга олдиндан тўловсиз нефть маҳсулотлари бериб юборилиши натижасида пайдо бўлган 730,6 млн сўмлик муддати ўтган дебитор қарздорлигининг ундирилиши умидсиз бўлиб қолмоқда.

Бошқа ҳолатга эътибор қаратадиган бўлсак, МЧЖнинг Жомбой филиали 16-сонли ФЁТШ оператори М.А. бир вақтнинг ўзида “Жаҳонгир Файзли замини” фермер хўжалиги раҳбари бўлиб 232,0 млн сўмлик, Жомбой филиали 5-сонли ФЁТШ оператори М.А. бир вақтнинг ўзида “Мамарасулов Сардорбек” фермер хўжалиги раҳбари бўлиб 155,5 млн сўмлик ҳамда Зирабулоқ филиали 21-сонли ФЁТШ бош оператори С.У. бир вақтнинг ўзида “Содиқ Пахтакор” фермер хўжалиги раҳбари лавозимида ишлаб 75,5 млн сўмлик нефть маҳсулотларини ўзларига қарашли фермер хўжаликларига эҳтиёждан ортиқча миқдорда олдиндан тўловсиз етказиб берган ва натижада дебиторлик қарздорликларининг юзага келишига сабабчи бўлган.

“Мароқанд нефть базаси” МЧЖда йўл қўйилган хатоликларни бартараф этиш, молиявий соғломлаштириш, қарздорликни камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган ва дебитор қарзларини ундириш борасида сусткашликка йўл қўйган бир қатор шахслар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди ва бошқа интизомий чоралар қўлланилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|