“Ўзбекнефтгаз”: Қайта ишланаётган газ сифатини ошириш мақсадида хорижий компанияларнинг ускуналари синовдан ўтказилмоқда

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Нефть ва газ қазиб чиқариш ва конларни ишлатиш секциясининг илмий-техник кенгаши томонидан “Муборак” газни қайта ишлаш заводида йиғилиш ўтказилди.

Ҳозирги кунда Муборак газни қайта ишлаш заводидаги газни олтингугурт бирикмаларидан тозалаш қурилмаларидаги айрим ускуналар ўз яроқлилик муддатини ўтиб бўлган. Бундай ускуналарда ишни давом эттириш эса заводнинг қайта ишлаш қувватининг камайишига сабаб бўлмоқда.

Бунинг оқибатида заводда қайта ишланаётган газ сифат кўрсатгичлари бўйича O‘zDst 948:2016 стандарти талабларига жавоб бермаяпти.

Йиғилиш иштирокчилари газнинг сифатлилигини таъминлашда технологик кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш, ускуналарнинг техник ҳолати ҳамда газ таркибидан олтингугурт ва меркаптан бирикмаларини тозалаш имкониятини берувчи махсус кимёвий реагент, яъни абсорбент зарурлигини таъкидлашди.

Шундан сўнг мутахассислар томонидан заводда қайта ишланаётган газнинг сифат кўрсаткичларини O‘zDst 948:2016 стандарти талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш мақсадида UOP, DOW, BASF, SHELL хорижий компанияларининг техник иқтисодий таклифлари ўрганиб чиқилди.

Таклиф этилган кимёвий реагентлар таҳлил қилиниб, ишлаб чиқариш жараёнига тадбиқ этиш учун DOW ва SHELL компанияларининг “Ucarsol” ва “Sulfinol-M” кимёвий реагентлари танланди.

Ишлаб чиқаришда таваккалчиликни олдини олиш ва энг самарали вариантни танлаб олиш мақсадида синов тажриба ишларини биратўла иккита блокда DOW ва SHELL компаниялари билан биргаликда ўтказишга қарор қилинди.

Синов тажриба жараёни лаборатория таҳлиллари ўтказиш орқали назорат қилиб борилади ва техник иқтисодий кўрсаткичи энг яхши бўлган кимёвий реагент ишлаб чиқариш жараёнига тадбиқ этилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|