“Ўзбекнефтгаз”: Жамият тизимидаги корхона ва бошқармаларда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни ижроси ҳолати ўрганилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги 61- сон “Лотин ёзувига асосланган, ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ва Ҳукумат топшириғига асосан мамлакатимиздаги барча жой, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланклар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш белгиланган.

Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 325-сонли махсус буйруғи қабул қилинди, масъул ходимлардан таркиб топган “Ишчи гуруҳ” томонидан жорий йилнинг 27–28 июль кунлари Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида жойлашган ташкилотларида (бошқарма, завод, нефть базалар) бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилди.

Хусусан, Шўртан, Муборак ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Қарши ва Бухоро нефт базаларида жами 2 мингга яқин жой номлари, пешлавҳалар, эълонлар матни ўрганиб чиқилди, шундан аксарияти ўзбек тилида ва қисман лотин алифбосида ёзилганлиги аниқланди.

Мазкур ташкилотларда иш қоғозлари, бланклар ва муҳрларнинг белгиланган талабларга мослиги кўздан кечирилди.

Шу билан бирга, жамият Марказий аппарати фаолиятига оид қабул қилинган ҳужжатлар ҳолати таҳлил қилинди. Унга кўра жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 500га яқин ички ҳужжат қабул қилинган бўлиб, шундан қарийб 90 фоизи давлат тилида эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Хорижий ҳамкорлар билан инвестиция лойиҳалари доирасида икки томонлама ҳужжатлар бўлганлиги сабабли айрим ҳужжатлар хорижий тилларда тайёрланган.

Ўрганишлар натижасида, марказий аппарат ва тизим ташкилотларга аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш, Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни ижросини сўзсиз таъминлаш, жумладан:

– Давлат тилида ва лотин алифбосида ёзилмаган объект номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланкларнинг барчасини қисқа муддат ичида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши;

– Жамият раҳбарияти, таркибий бўлинмалар ва тизим ташкилотлари раҳбарлари томонидан қабул қилинадиган ички ҳужжатлар, хатлар, идоралараро ёзишмалар (хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ҳужжатларидан ташқари) тўлиқ давлат тилида амалга оширилишини таъминлашга доир кўрсатмалар берилди.

Эҳтиёждан келиб чиқиб, жамиятнинг масъул ходимларини давлат тилида иш юритишга доир малакасини ошириш бўйича анъанавий ва масофавий ўқишларни ташкиллаштириш вазифалари қўйилди.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтиш бўйича ишлар мунтазам равишда Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Камолиддин Усмонов томонидан ўрганиб борилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|