“Ўзбекнефтгаз”: ОАВ вакиллари ва блогерлар учун “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводига Пресс-тур ташкил этилди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан тасдиқланган Медиа-режага асосан, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти борасида кенг жамоатчиликка батафсил маълумот бериш мақсадида ОАВ вакиллари, блогерлар иштирокида Пресс-тур ташкил этилди.

“Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг 24 йиллик тарихи давомида илк бор ташкил этилган пресс-тур Завод маъмурияти ҳамда ишчи-ходимлари учун ўзига хос аҳамият касб этди. Таъкидлаш керакки, ушбу Пресс-тур очиқлик, ошкоралик сари қадам ташланаётганига яна бир исботдир.

Тошкент-Бухоро йўналишидаги поезд билан Бухорога етиб келган журналист ва блогерлар Завод “Ишчи гуруҳи” томонидан кутиб олинди ва дастлаб кўҳна шаҳар зиёрат қилинди.

Кейинги манзил “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи бўлди. Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида, чўл ўртасида жойлашган заводнинг қурилиш ишлари 1993 йилда бошланган бўлиб, 1997 йилнинг 22 августида фойдаланишга топширилган.

Завод барпо этилишида Франциянинг “Тechnip”, Япониянинг “Marubeni” ва “Jegesi” компанияларининг хиссаси катта бўлган. Шў ўринда ушбу Завод қурилишида Туркиянинг “Gamma” компанияси ва маҳаллий қурувчиларимизнинг меҳнатини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бугунги кунда ушбу заводда мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган дизель ва авиация ёқилғиси, бўёқ ва лаклар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган муҳим таркибий қисм бўлган “C4-135 / 220” маркали углеводород эритгичи, суюлтирилган газ, бензин каби 19 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Пресс-тур аввалида ташиф буюрувчиларга техника хавфсизлиги қоидалари ҳамда ҳаракатланиш тартиби бўйича йўриқнома ўтилди. Махсус кийим-бош берилиб, киришга рухсат берилди.

Илк бор ташкил этилган пресс-турда шубҳасиз деярли барча журналист ва блогерларнинг қизиқтирган саволлари кўп эди. Кутилганидек, кириш қисмининг ўзидаёқ мутахассислар ўнлаб саволлар берилди.

Сўнгра, Заводда ёнғин хавфсизлиги ва қутқарув отряди томонидан қилинадиган ишлар борасида ахборот берилди. Махсус техника, махсус жиҳоз ҳамда кийимлар борасида бирма-бир тушунтириб ўтилди.

Кейинги манзил эса Заводда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ишчи-ходимларнинг саломатлигини тиклаш ва доимий равишда назорат қилиб бориш учун барпо этилган Тиббиёт маркази бўлди.

Журналист ва блогерлар бу ерда яратилган шароит ҳамда замонавий тиббиёт ускунлари билан таъминланганлик ҳолатига гувоҳ бўлишди. Ўз навбатида шифокорлар билан савол-жавоб ўтказилди.

Кейин эса, 2020 йилда фаолияти йўлга қўйилган кислород ишлаб чиқариш қурилмаси ишлаш жараёни ўрганилди ҳамда коронавирус пандемияси даврида нафақат Бухоро вилоятида ташкил этилган карантин марказлари, балки бутун мамлакат учун хизмат қилаётган ушбу қурилманинг мураккаб ишлаш жараёни борасида Бош муҳандис Бахтиёр Мустафоев томонидан маълумотлар берилди.

Журналист ва блогерлар учун ташкил этилган ўқув-машғулот жараёни Пресс-турнинг ўзига хос қисми бўлиши баробарида, бир умр уларнинг ёдида қоладиган бўлди.

Ўқув машғулот жараёнида ишлаб чиқариш қурилмасида келиб чиққан авария ҳолати ва газ сизиб чиқиш жараёнида қутқарувчилар, ёнғин хавфсизлиги хизмати ва тиббиёт ходимлари, Завод ишчиларининг ҳаракатининг томоша қилиш имконияти бўлди.

Ўнлаб махсус техника ва 100га яқин ходимларнинг бир неча дақиқа вақт оралиғидаги тезкор ҳаракатлари натижасида “авария ҳолати” тўлиқ бартараф этилди ҳамда барча ходимлар мукаммал ижрони амалга оширишди.

ФОТОЛАВҲАЛАР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|