“Ўзбекнефтгаз”: ОАВ вакиллари ва блогерлар “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши жараёни билан танишишди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Журналистлар ва блогерлар иштирокидаги Пресс-тур давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 28 сентябрда имзоланган “2016–2020 йилларда Углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2614-сонли қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан тасдиқланган Медиа-режага асосан, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводига уюштирилган пресс-тур иштирокчиларини ҳам айни дизель ёнилғиси ҳамда бензин ишлаб чиқарилиши жараёнларига оид саволлар қизиқтирди.

Улар нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳамда сифатини катта қизиқиш билан ўргандилар. Ушбу жараён эса батафсил кўрсатилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “Бухоро”о нефтни қайта ишлаш заводи директори Акбар Фазилов бошчилигида ташкил этилган “Ишчи гуруҳ” аъзоларининг 2020 йилдаги меҳнат натижаси ўлароқ, мамлакат тарихида илк бор 30 март куни “Евро-4” ва “Евро-5” экологик тоза ва сифатли дизель ёқилғисини ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Пресс-тур дастурига кўра, журналист ва блогерлар дастлаб ушбу лойиҳа доирасида “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводидаги энг замонавий катализатор ўрнатилган газойлни гидротозалаш қурилмасининг ишлаш фаолияти билан танишишди. Шу пайтга қадар заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари(бензин ва дизель ёқилғиси)нинг сифати “Евро-2” стандарти талабларига жавоб берар эди. Ушбу катализаторнинг янги русумдагисига алмаштириш натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифатини жаҳон стандартларига мослаштиришга эришилди.

Коронавирус пандемияси даврида бу лойиҳаларни амалга ошириш осон бўлмагани, карантин туфайли Франциянинг “Axens” компанияси мутахассислари газойлни тозалаш қурилмаси катализаторини алмаштиришда иштирок эта олишмагани Завод ва компания мутахассислари 13Р01 технологик позициядаги реакторида янги каталитик тизимни “Axens” схемаси бўйича завод мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари билан онлайн тарзда ўрнатишгани таъкидлаб ўтилди.

Журналист ва блогерлар “QuWatt” бренди остида янги ишлаб чиқарилаётган автобензин ва дизель ёнилғиси бўйича ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Таъкидлаш керакки, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида Германиянинг “BASF SЕ” компанияси билан ҳамкорликда 2021 йилнинг биринчи ўн кунлигининг ўзидаёқ, 480 тонна “QuWatt” бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқарилди.

Мутахассислар томонидан “QuWatt” АИ-95 русумидаги автобензиннинг двигателларда тозаликни сақлашнинг мукаммал таъсирига эришиш, клапанлардаги ҳосил бўладиган қатлам миқдорини 4 мг/клапан қийматидан ошмаслиги, двигатель клапанларини қатламлардан юқори даражада, яъни 80% гача тозалаш, автомобиль двигатели қувватини оширади ҳамда ёқилғини 3% гача тежалишига эришилиши, қиш мавсумида двигателнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, двигатель ёнилғиси тизимида, шунингдек, бензинни ташиш ва сақлаш жараёнларида коррозияга йўл қўймаслиги бўйича маълумотлар берилди.

Журналист ва блогерлар асосан ушбу нефть маҳсулотлари сифати билан қизиқишгани сабабли, улар махсус лабораторияга таклиф этилишди ҳамда бу ерда маҳсулотларнинг сифати қандай аниқланиши, улардан олинган намуналар 40 кун муддатда сақланиши бўйича тўлиқ маълумотлар берилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати бўйича ташриф буюрганларда ҳеч қандай шубҳа қолмагани айтилди ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳар доим шаффоф бўлиши учун яна пресс-тур ҳамда учрашувлар ташкил этилишига келишиб олинди.

Ўз навбатида журналист ва блогерлар ташкил этилган пресс-тур давомида ўзлари гувоҳ бўлган жараёнлар, Акбар Фазилов бошчилигидаги завод ишчи-ходимларининг меҳнатлари машаққатли эканлигини эътироф этиб, мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдиришди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|