“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайти ишлаш заводида “Kvalitet Vostok Group” билан ҳамкорликда кооперацион алоқалар кенгайтирилмоқда

Бош саҳифа Русский

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва “Kvalitet Vostok Group” МЧЖ ҳамкорлигида “Шодисан 20” маркаси билан ишлаб чиқарилган маҳаллий мойловчи қўндирма ЕВРО-4, ЕВРО-5 дизель ёқилғилари учун аввал ишлатилаётган импорт маҳсулоти ўрнига ўзлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги ПҚ–4812-сонли “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан маҳаллий ишлаб чиқарилган “Шодисан 20” маркасидаги мойловчи қўндирма ЕВРО-4, ЕВРО-5 дизель ёқилғиси учун аввал ишлатилаётган импорт маҳсулоти ўрнига ўзлаштирилди.

Кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил декабрь ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи лабораториясида импортдан келтириладиган ва маҳаллий ишлаб чиқариладиган “ШОДИСАН” 20 ("KVALITET VOSTOK GROUP" МЧЖ) маркасидаги мойловчи қўндирмалар ёрдамида таркибида ултрапаст миқдорда олтингугурт бўлган (ЕВРО-5) дизель ёқилғиси учун қиёсий лаборатория тадқиқотлари олиб борилди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ўтказилган ижобий лаборатория синовлари натижалари асосида маҳаллий мойловчи қўндирмадан фойдаланиб 2021 йил январ ойидаёқ синов-саноат тажрибалари ўтказилди ва 600 тоннадан ортиқроқ миқдордаги ЕВРО-5 дизель ёқилғисининг синов-саноат партияси ишлаб чиқарилди. Синов-саноат тажрибалари натижалари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарилган мойловчи қўндирма товар ҳолдаги ЕВРО-4, ЕВРО-5 дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришда қўллаш учун тавсия этилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш доирасида 2021 йил 12 март куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва “KVALITET VOSTOK GROUP” МЧЖ ўртасида cooperation.uz электрон портали орқали “ШОДИСАН 20” қўндирмасини 400 млн сўмга 14 тонна миқдорда етказиб бериш бўйича шартнома тузилди, бу эса, ўз навбатида валюта маблағларини тахминан 50 минг АҚШ долларига тежаш имконини берди.

Айни пайтда маҳсулотнинг заводга етказиб берилиши тўлиқ амалга оширилди ва маҳаллий “ШОДИСАН 20” мойловчи қўндирмаси ишлаб чиқаришда муваффақиятли қўлланилмоқда.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|