“Ўзбекнефтгаз”: “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи ва “O‘ZLITINEFTGAZ” АЖ ўртасида илмий-техник ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” тузилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида ишлаб чиқариш ва фаннинг интеграцияси даражасини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган.

Хусусан, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи ва “O’ZLITINEFTGAZ” AЖ ўртасида ўзаро илмий-техник ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича томонлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда заводдаги технологик ускуналарни кўрикдан ўтказишда, нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё соҳасида ҳақиқий импорт ўрнини босишга ҳисса қўшадиган янги технологиялар ва илмий маҳсулотларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари илмий ходимлар билан муҳокама қилинди.

Заводда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар учун техник-иқтисодий ишланмалар, технологик объектларни лойиҳалаштириш, биргаликда тадқиқотлар ва тажрибаларни ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, илмий марказ мутахассислари “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш” инвестиция лойиҳаси учун лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уни техник соҳадаги тартибга солиш меъёрий ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг стандартларига мослаштириш бўйича ҳамкорликка тайёрлиги қайд этилди.

Учрашувда завод ишчилари учун амалиёт ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, завод ва илмий марказ ходимларининг ўзаро тажрибаси ва малакасини ошириш асосида ишлаб чиқариш ва фаннинг интеграцияси даражасини оширишга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, патентга талабномалар ва рационализаторлик таклифларини тайёрлаш ва топшириш, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш ишлари натижалари бўйича илмий мақолаларни тайёрлаш ва нашр этиш билан бирга ишлаб чиқаришдаги муаммоли ҳолатларни аниқлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини яхшилаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйиш режалаштирилиб олинди.

Учрашувда кўтарилган ва муҳокама этилган масалалар юзасидан “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ ва “ЎзЛИТИнефтгаз” AЖ ўртасида 2021–2022 йилга мўлжалланган илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” тузилди ва имзоланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати ва “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати ҳамкорлигида тайёрланди.

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|