“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва “Maxam-Chirchiq” АЖ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Maxam-Chirchiq” АЖ мутахассислари иштирокида кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида турли тармоқ корхоналари ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар турлари, қўлланиладиган хомашё, катализатор, адсорбент ва кимёвий реагентларга бўлган эҳтиёжлар таҳлили ва уларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг эҳтиёжидан келиб чиқиб “Maxam-Chirchiq” АЖ билан ҳамкорликда унга тегишли катализатор ишлаб чиқариш цехи базасида катализатор ва адсорбент ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумот учун: “Maxam-Chirchiq” АЖ кимиёвий реагентларга бўлган ўз эҳтиёжининг 90%ни ўзи ишлаб чиқаради. Бугунги кунда корхонада 40 тадан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда: карбамид, аммиакли селитра, аммоний сульфат, КАС, суюқ техник аммиак, сувли техник аммиак, концентрланган нитрат кислотаси, концентрланмаган нитрат кислотаси, катализаторлар, суюқ ва газсимон икки оксидли углерод.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари “Maxam-Chirchiq” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан таништирилди.

“Maxam-Chirchiq” АЖ мутахассислари томонидан катализаторлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.

Ўз навбатида заводда қўлланиладиган кимёвий реагент турлари, уларнинг физик ва кимиёвий хоссалари, катализатор ва адсорбентлардан намуналар тақдим этилишига келишиб олинди. Шунингдек, заводнинг кимёвий реагентларга бўлган эҳтиёжи ва “Maxam-Chirchiq” АЖ корхонаси томонидан уларнинг ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари томонидан қуйидаги таклифлар берилди:

– “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатилган чиқинди адсорбент ва катализаторлар таркибидаги алюминий оксидини кайта ишлаш йўлларини кўриб чиқиш ҳамда қайта ишланган алюминий оксидини хомашё базаси сифатида қўллаш;

– ЎзКФИТИ билан ҳамкорликда ЎзАД-1 водородни сақловчи газни хлордан тозаловчи адсорбенти ва ЎзАД-3 газларни қуритувчи адсорбенти бўйича илмий-тадқиқот ишлари натижаларини саноат миқёсида жорий этиш.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва “Maxam-Chirchiq” АЖ ўртасидаги учрашув натижасида корхоналарда кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида ишлатиладиган маҳсулотлар, ярим маҳсулотлар ва импорт қилинадиган кимёвий реагентлар рўйхатини алмашиш тўғрисида келишувга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, турли тармоқ корхоналари ўртасидаги бу каби учрашувлар импортни қисқартириш ва маҳаллий кимёвий реагентлар ишлаб чиқариш каби долзарб масалаларни ечишда катта рол ўйнайди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|