“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида тизимда мавжуд бўлган коррупцион ҳолатларни бартараф этишга доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида раис ўринбосарлари, департаментлар, бўлинмалар, бошқармалар, корхоналар, завод раҳбарлари иштирокида видеоселектор ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида “Ўзбекнефтгаз” корхона ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, ҳар қандай йўл билан уни олдини олиш кераклиги борасида қатъий топшириқлар берди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда харидлар йўналишида камчиликлар мавжуд эканлиги, айрим шартномалар молиявий имкониятдан, манбалардан келиб чиқмаган ҳолда расмийлаштирилгани аниқланаётгани таъкидланди.

Бошқарув раиси шартнома қийматини ошириб расмийлаштириш ҳолатлари учраётгани, бугунги кунда жами 721 млн сўм миқдорида шартномалар қиймати ошириб тузилгани эса тизимда ҳанузгача коррупция аломатлари мавжуд эканлигини билдирди.

Ўз навбатида, “Муборак” газни қайта ишлаш заводида 2019–2020 йиллар давомида “Қурилиш-монтаж ва таъмирлаш бошқармаси” МЧЖ томонидан амалга оширилган қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишлари ўрганилганда, кўплаб камчиликлар аниқлангани танқид қилинди.

Мазкур МЧЖ томонидан Муборак” газни қайта ишлаш заводига қарашли объектларда жами 52 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишлари бажарилган бўлиб, 2020 йилда 39 млрд сўмлик бажарилган иш ҳажмлари учун расмийлаштирилган далолатномаларга кўра, ҳисобланган иш ҳақи 8,6 млрд сўмни ташкил этиб, ҳақиқатда эса корхона ишчиларига 3,2 млрд сўм иш ҳақи тўлаб берилган холос.

2019 йилда жами бажарилган 13 млрд сўмлик ишлар учун ишлатилган 3 млрд сўмлик қурилиш материаллари, 360 млн сўмлик жиҳозлар ва асбоб-ускуналар МЧЖ томонидан хақиқатда харид қилинганлиги тўғрисида ҳужжатлар мавжуд эмас.

Бошқарув раиси томонидан узоқ йиллар давомида коррупция “ботқоғига” ботиб келган нефть ва газ соҳасида унга қарши курашиш осон бўлмаслиги, бироқ албатта натижага эришилиши маълум қилинди.

Дарҳақиқат, соҳада табиий газ қазиб чиқарилиши ҳажмини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда, жумладан, жорий йилда 264 та қудуқ ишга туширилади, 50 дан зиёд геологик тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, яна битта Сиқув компрессор станцияси қурилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шу сабабли, коррупция соҳадаги ислоҳотларга тўсиқ бўлмаслиги, унга қарши барча бирдек курашиши, ҳеч кимнинг бефарқ бўлмаслиги, ўз навбатида барча ўз қилмишига яраша жазо олиши билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, айни шу сабаб, 2020 йилда Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ташкил қилинган бўлиб, ушбу Департамент ходимлари томонидан коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётгани, ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда Прокуратура органларига юборилмоқда.

Бошқарув раисининг бугунги йиғилишдаги топшириғи билан, Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ҳудудий инспекторлари, ҳудудий менеджерлар билан биргаликда қурилиш объектларини топширишда, қабул қилишда, харидлар жараёнида, нефть ва газ маҳсулотларини реализация қилиш ва бошқа йўналишларда шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда профилактика чораларини кўриш устувор вазифа этиб белгиланди.

Шунингдек, видеоселектор йиғилиши давомида асосий масала ҳар бир корхонанинг раҳбари харажат ва даромад масаласида шахсан жавобгар эканлиги белгиланди ҳамда иш фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 4 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|