November 5, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида акциядорлик жамиянинг рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишлари сарҳисоб қилинди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Мехриддин Абдуллаев раҳбарлигида тизим фаолиятининг тегишли йўналишларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилиш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Бошқарув раиси ўринбосари, департамент ва мустақил бўлим бошлиқлари ҳамда дастурлаш ва рақамлаштириш жараёнларини олиб бораётган мутахассислар иштирок этишди.

Жамият раҳбари томонидан тизимнинг барча жабҳаларида автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишларини жадал суръатлар билан йўлга қўйиш, ҳозирда жорий этилаётган ва яратилаётган дастурларнинг мантиқий асосини, концепциясини ишлаб чиқиш бўйича алохида топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида Ахборот коммуникация технологиялари департаменти масъулларининг “GPS” мониторинг, “1С” дастури таркибидаги бухгалтерия, ғазна, шартномалар, омборлар рўйхатини юритиш тизимлари, дивиденд тўловлари, “helpdesk” дастурлари ҳамда автоматлаштирилган “комплаенс назорат” дастурлари бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг, йиғилиш қатнашчиларига Молиявий ва комплаенс назорати департаменти ҳамда Ахборот коммуникация технологиялари департаменти мутахассислари томонидан Жамиятнинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда яратилган Жамиятнинг Молиявий ва комплаенс назорати фаолиятини автоматлаштириш дастури тақдим қилинди.

Ушбу автоматлаштириш дастур ўзида ходимларга юклатилган вазифаларнинг кунлик назоратини, амалга оширилган назорат ишлари натижалари бўйича ҳисоботлар ва бошқа турли иш ҳужжатларини, “KPI” баҳолаш тизимини, ходимларнинг иш жойларига ўз вақтида келиши ва иш жойида эканлиги назоратини, яъни дастурда геолокацион назорат қилиш имконияти мавжудлигини, тест синовларини онлайн ўтказишни (доимий равишда ходимларни малакасини ошириш мақсадида), табель жадвалларини давоматга ва кунлик фаолиятга боғланган ҳолда ишлаб чиқилишини ўзида мужассам этади.

Дастурнинг мантиқий асоси бўлиб, барча ходимларнинг кундаликдаги бажарган ишларини, ҳисоботларини дастурга киритишлари орқали маълумотларнинг марказий базага узатилиши ҳамда бу орқали Молиявий ва комплаенс назорат департаментининг маълумотлар базасини автомат тарзда шакллантирилиши ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу дастурда Молиявий ва комплаенс назорати департаменти ходимларининг иш фаолияти самарадорлигини баҳолаш масалаларига, шу жумладан, “KPI” баҳолаш тизимига жуда катта эътибор қаратилган. Дастур орқали ходимларнинг маълум бир давр оралиғида бажарган ишлари, уларнинг ютуқлари, камчиликларини тизимли тарзда таҳлил қилиш имкони яратилган.

Шунингдек, ходимларни малакасини ошириш бўйича ўқув материалларини жойлаштириш, охирги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда янгиликлар билан таништириш имкониятлари мавжуд.

Тақдимот якунида Жамият бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан ушбу дастурнинг имкониятлари, унинг нафақат тизимда, балки республикамизда биринчилардан бўлиб жорий қилинаётганлиги алоҳида эътироф этилиб, йил якунига қадар тест режимида фойдаланиш, унинг меъёрий-ҳуқуқий жиҳатлари, дастурни янада такомиллаштириш ва уни бошқа дастурлар билан интеграциялаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|