“Ўзбекнефтгаз”: “Batamen” сиқув компрессор станциясидаги газ генератори тўла қувватда ишлаш учун Германияда таъмирланди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан бошқарма ва корхоналарда углеводородларни қазиб чиқариш режасини бажарилишини ва сиқув компрессор станцияларини барқарор ишлатиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларининг “Batamen” сиқув компрессор станциясидан 1 дона
“LM-2500” русумли газгенератори имзоланган шартномага асосан Германиянинг “Chemie Elektronik Metalle GmbH” компаниясига капитал таъмирлаш учун юборилган эди.

Жорий йилнинг октябр ойида “Chemie Elektronik Metalle GmbH” компанияси томонидан капитал таъмирланган газгенератор Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилди ва газгенератор “Batamen” сиқув компрессор станцияси 4-сонли газ ҳайдаш агрегатига ўрнатилди.

Ушбу сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси “Шўртан” сиқув компрессор станциядан юборилаётган табиий газ босимини ошириб, “Шўртан” бош иншоатига қайта ишлаш учун ҳайдаб беришдан иборат. Станция газ ҳайдаш агрегатларининг ҳар бири кунлик 10 млн куб метр газни ҳайдаш қувватига эга.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 4-сонли газ ҳайдаш агрегатида ишлатилиб келинаётган “LM-2500” русумли газгенератори белгиланган иш ресурсини ўтаб бўлганлиги сабабли тўла қувват билан ишлатишнинг имкони йўқ эди. Ҳозирда “Chemie Elektronik Metalle GmbH” компанияси мутахассислари бошчилигида газгенератор 72 соатлик синов муддатида ишга қўшилди.

Газгенераторни ўрнатиш ва регламент ишларини ўтказиш жараёнида ташқи ва ички қисмлар ва ёрдамчи ускуналари ҳам тўлиқ текширувдан ўтказилиши талаб этилади. Шу сабаб газгенераторнинг ҳаво, ёқилғи ва мой фильтрлари тўлиқ алмаштирилди. Шунингдек, таъмирлаш жараёнида бир қанча техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблаш ишлари ўтказилиб, созлаш ишлари ҳам олиб борилди. Натижада, Газ ҳайдаш агрегатларининг узлуксиз, бир меъёрда ишлашини таъминлашга эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти томонидан “Chemie Elektronik Metalle GmbH” компанияси мутахассислари билан ушбу газгенераторларни ишлатиш бўйича тажриба алмашиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.

Маълумот учун: “Bateman” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 4 дона газ ҳайдаш агрегати мавжуд. Станция лойиҳа бўйича йилига 13 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Станция 2003 йилда АҚШнинг “Dresser Rand” ва “General Electric” компанияларида ишлаб чиқарилган газ ҳайдаш агрегатлари ўрнатилган ва ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|