“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли ишлаб чиқариш объектларидаги технологик қурилмалар ва сиқув компрессор станцияларида юзага келган авариявий ҳолат навбатма-навбат бартараф этилмоқда

Бош саҳифа Русский

Кеча, 4 июнь куни соат 22:16 да “Иссиқлик электр тармоқлари” АЖга қарашли “Талимаржон ИЭС”даги энергоблок авариявий ҳолатда тўхтаб қолиши ва энерго тизимда кучланишнинг узилиши натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналар иш фаолияти вақтинча тўхтагани ҳақида хабар берган эдик.

Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари, Муборак, Шўртан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги асосий ишлаб чиқариш қурилмалари ҳамда 11 та сиқув компрессор станцияларидаги 34 та газ ҳайдаш агрегатлари иш фаолияти тўхтаб қолган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошлчилигида ташкил этилган махсус” Ишчи гуруҳ” томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, дастлаб, Бухоро вилоятидаги “Газли газни қайта ишлаш заводи“қурилмалари ишга қўшилди ва режимга чиқиш ишлари олиб борилмоқда.

Сўнгра, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Кўкдумалоқ” 2-сонли сиқув компрессор станциясидаги 100-, 200-, 300-, 400-сонли газ ҳайдаш агрегатлари ва 3-сонли сиқув компрессор станциясидаги 500-сонли газ ҳайдаш агрегатлари ишга қўшилди.

Бундан ташқари, Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларининг асосий ишлаб чиқариш қурилмалари иш фаолияти тўлиқ тикланди ва барқарор иш режимида ишламоқда.

Электр таъминоти тўлиқ тикланганидан сўнг, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан олиб борилган ишлар натижасида, 2021 йил 5 июнь куни соат 08:00 га қадар технологик қурилмалар, сиқув компрессор станцияларидаги жами 32 газ ҳайдаш агрегатлари қайта ишга туширилди.

Ўз навбатида, “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистраль газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи қайта тиклана бошланди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида сиқув компрессор станциясидаги 1-, 2-навбатларининг ҳар бирида битта газ ҳайдаш агрегатларини ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|