November 26, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Янги маҳсулотларни ўзлаштиришда бизнес субъектларини “шатакка олиш” усулидан фойдаланилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналарида импортни қисқартириш, маҳаллийлаштириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг кўрсатмалари асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан тўғридан-тўғри иш ташкил этилиб, уларни “шатакка олиш” механизми самарали қўлланилмоқда.

Тезкор маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро кооперация ҳисобига илгари импортдан харид қилинган бир қатор маҳсулотларни ички бозорда ўзлаштириш ҳисобига 320 млн АҚШ долларига тенг импорт ўрни қопланди.

Жумладан, тармоқлараро кооперация доирасида активлаштирилган кўмир, силикогель (“Штурвал” МЧЖ), қувурлар (“Оил дрилл” МЧЖ), беркитиш-бошқариш клапанлари (“Узпромарм” МЧЖ), каустик сода, метанол (“Узкимёсаноат” АЖ), турли хил фильтрлар (“Оил фильтр технолоджис” МЧЖ), ёқилғи мойлаш материаллари (“Чилон” МЧЖ, нефтгаз ускуналари ва насослари, совутиш аппаратлари, (“Ўзбеккимёмаш Заводи” АЖ), графитдан тайёрланган механик мустаҳкамлагичлар (“Promgraphite” МЧЖ), резино-техника маҳсулотлари (“Gauch” МЧЖ), мойлаш-совутиш суюқлиги, бурғилаш реагенти - АФ (ММ) (“Dirich Mega Oil” МЧЖ), ўлчаш асбоблари (“Манокип” МЧЖ) ва бошқа маҳсулотлардан ишлаб чиқаришда фойдаланилмоқда.

Жорий йилда Навоий, Термиз, Бухоро ва Нукус шаҳарларида ташкил этилган саноат ярмаркаларида “Ўзбекнефтгаз” томонидан 124 та меморандумлар тузилган эди. Айни пайтда мазкур меморандумларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖда бир қатор хорижий компанияларда (“Газпром”, “Лукойл”, “Татнефть”) муваффаққиятли апробациядан ўтган усул яъни – янги маҳсулотларни биргаликда ўзлаштириш бўйича “йўл харита”лари асосида ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилда жами 32 та йўл хариталари имзоланган бўлиб, тизим корхоналари кесимида қуйидагича тақсимланди:

• Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида - 3 та,

• Шўртан газ кимё мажмуасида - 2 та,

• “Узкоргазкемикал” ҚК – 21,

• Муборак газни қайта ишлаб чиқариш заводида – 2 та ва бошқалар.

Ушбу усулда маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан таклиф этилган маҳсулот бевосита “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари кўмагида ҳеч қандай молиявий шартларсиз бир қанча технологик ва маъмурий босқичлардан ўтказилиши мувофиқлаштирилади.

Бунда янги маҳсулот лаборатория синовидан ўтказилиб, сўнг корхоналарнинг мураккаб технологик қурилмаларида саноат-тажриба синовлари амалга оширилади. Малакали технолог, механик, энергетик ва бошқа мутухассисларни жалб этган ҳолда маҳсулотни мавжуд стандартларга мувофиқлиги ўрганилади ҳамда тегишли далолатнома расмийлаштирилади. Якунда барча босқичлардан муваффаққиятли ўтган маҳсулот намунасини тизим корхонасида эксплуатацияга яроқлилиги бўйича илмий-техник кенгаш томонидан хулоса тақдим этилади.

Олиб борилган тадбирлар натижасида жорий йилда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган умумий қиймати 35 млрд сўмга яқин 30 дан ортиқ турдаги маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди.

Газ, суюқлик ва пар ҳисобини юритувчи ўлчагичлар ҳамда рақамли манометрлар, турбодетандер ускуналарини таъмирлаш, босим ўлчагичлар, адсорбентлар, цеолитлар ва силикагел, бурғилаш қувурларини таъмирлаш, кимёвий реагентлар, маҳаллий мойлар, беркитиш-бошқариш клапанларини таъмирлаш, фильтрлар ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ушбу йўналишдаги ишлар 11-12 ноябрь кунлари Қарши шаҳрида бўлиб ўтган саноат ярмаркаси доирасида ҳам давом эттирилиб, унда 78 та меморандумлар имзоланди. Улар доирасида янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, корхоналарда лаборатория ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш ҳамда кейинчалик харидга тайёрлаш ишлари биргаликда амалга оширилади.

Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|