December 4, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Инвестиция лойиҳаси доирасида 1,2 млрд куб метр табиий газ ва 32,2 минг тонна конденсат қазиб олиниши режалаштирилмоқда

Бош саҳифа Русский

Маълумки, газ конларини қидириш ва ўзлаштириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда бир қанча қўшма корхоналар ташкил этилган. “Natural Gas-Stream” КҚ МЧЖ ҳам Устюрт ҳудудида геологик қидирув ишларини олиб бориш ва ўзлаштириш ишлари билан шуғулланади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ушбу қўшма корхона томонидан айни пайтда “Сечанкўл”, “Оқжар” ва “Чимбой” инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳамда “Урга” конида, “Оқчалоқ” ва “Чандир” гуруҳи конларида қазиш ишларини амалга ошириш” инвестицион лойиҳаси жадал суратларда амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 701,4 млн долларни ташкил этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш департаментининг маълумотига кўра, ҳозирги кунга қадар лойиҳа доирасида 27 та қудуқда бурғилаш ишлари тугатилди ва 600 кв.км. майдонда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилди.

Хусусан, “Оқчалоқ” гуруҳидаги конларда 15 та қудуқ ободонлаштирилди. Жами узунлиги 78,9 км ташкил этадиган газ қувурлари ўтказилди. Айни пайтда 5,5 км сув қувури, 40,5 км электро узатиш линияларини янгилаш ишлари давом этилмоқда. Шунингдек, 1 та қудуқнинг ён стволини кесиш ишлари, 1 қудуқда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Чандир” гуруҳи конларида эса 137,7км газ қувурлари ўтказилди. 81,6 км электро узатиш линиялари, шунингдек, конни телефон алоқа ва интернет билан таъмирлаш мақсадида 119,8 км оптик толали алоқа линияси кабели ўрнатилди. 133,3 км йўл қурилиб, 50 кишилик ишчилар шаҳарчаси барпо этилди. “Девалқоқ” конидаги 1 та қудуқда ён стволини кесиш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида “Урга” конида газни “Бухара-Урал” газ қувурига ўтказиш учун газни ҳисобга олиш мосламаси ўрнатилди ва 23 кишилик кончилар шаҳарчаси барпо этилди. Бундан ташқари, 3 та қудуқ ободонлаштирилиб, 3,1 км газ қувурлари ўтказилди. Айни пайтда ушбу конида 2 та қудуқни мукаммал таъмирлаш, 1 та қудуқда ён стволини кесиш, 1 та қудуқни гидравлик ёрилиш билан синаш ишлари олиб борилмокда.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг "Оқчалоқ" конида жойлашган 3-сонли қудуқда ён стволини кесиш ва синов ишлари амалга оширилди. Йўналтирилган ён ствол 2198-2947м интервалида бурғиланди. Қудуқнинг 2817-2890м оралиғига филтр ўрнатилди. Қудуқни ўзлаштириш пайтида газнинг саноат оқими олинди. Айни пайтда қудуқни газ йиғувчи коллекторга улаш ишлари олиб борилмокда.

2021 йил якунига қадар 1,2 млрд куб метр табиий газ ва 32,2 минг тонна газ конденсати қазиб олиш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|