“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида геология-қидирув ишларини кенгайтиришга оид сайёр йиғилиш ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, углеводород захираларини ўстириш, янги истиқболли майдонларни аниқлаш бўйича сайёр йиғилиш ўтказилди.

Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги штабда ўтказилган ушбу йиғилишда, “Ўзлитинефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “Ўзбекгеофизика” АЖ, “ИГИРНИГМ” каби корхоналарнинг раҳбарлари ва тажрибали илмий ходимлари, шунингдек, ҳудудларда геофизик тадқиқотларни олиб бориш, қудуқларни бурғилаш, табиий газ қазиб чиқариш бўйича фаолият юритаётган мутахассислар, муҳандислар, геолог, геофизиклар иштирок этишди.

Дастлаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилнинг январь-август ойларида бажарилган ишлар, олинган натижалар, мавжуд муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларига доир таклифларнинг муҳокамаси ўтказилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 825 кв.км сейсмик ишлар бажарилди, 16 та янги майдонларда бурғилашга киритилди, 99,7 минг метр бурғилаш ишлари бажарилди, 3 та – “Ижобат”, “Ғарбий Қуйи Сургил” ва “Раззоқбобо” янги табиий газ конлари очилди ва мос равишда углеводород захиралари ўстирилиб барча кўрсаткичлар 100 фоиздан ортиғи билан бажарилди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнларида йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилиб тегишли раҳбар ва ходимларга уларни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда барча тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича тезкор чораларни кўриш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Сайёр йиғилишда шунингдек 2021 йилда Давлат геология қўмитаси томонидан тайёрланган 10 та янги майдонларда геология-қидирув ишларини қисқа муддатларда ташкиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Барча тадбирларни етарли даражада зарур материал-техник ресурслар билан ўз вақтида таъминлаш ҳамда уларни мақсадли ташкил этиш орқали бурғилаш ишларини амалга ошириш натижасида 10 млрд куб метрдан кам бўлмаган миқдорда углеводородларнинг янги захираларини аниқлаш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда масъул раҳбар ва мутахассис ходимларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2021 йил якуни 35 млрд куб метр табиий газ ва 900 минг тонна суюқ углеводород захираларини ўстириш йўлида барча зарур чораларни кўриш ҳамда мавжуд ресурсларни тўлиқ сафарбар этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан бир қаторда, 2022 йилда амалга ошириладиган геология-қидирув ишларининг асосий йўналишлари белгилаб олиниб бу борада ишлаб чиқилган тавсияларни амалиётга тадбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

Бу борада, 2022 йилда Давлат геология қўмитаси томонидан “Ўзбекгеофизика” АЖ ва “ИГИРНИГМ” ДМ билан ҳамкорликда тайёрланадиган 20 та янги истиқболли майдонларни тайёрлаш ва уларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бериш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан амалга оширилаётган геология-қидирув ишларини жадаллаштириш билан бир қаторда Республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларини ёқилғи-энергетика маҳсулотлари билан таъминлаш энг асосий вазифаларда бири эканлиги таъкидланди.

Ушбу мақсадларда Республика углеводород хомашё базасини доимий равишда қайта тўлдириш ва ривожлантириш ҳамда бу борада нафақат йиллик, балки ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжаллаб ишлаб чиқилган дастурлар алоҳида муҳокама қилинди.

Ушбу дастурларга мувофиқ, 2022–2026 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 10 200 кв.км.дан ортиқ 3Д сейсмик ишларни бажариш, 100 та янги нефть ва газга истиқболли майдонларни бурғилашга киритиш, 925 минг метрда ортиқ бурғилаш ишларини бажариш, 290 та қудуқларни қурилиш билан тугатиш мўлжалланмоқда.

Белгиланган чора-тадбирлар натижасида 177,6 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 6,5 млн тоннадан кўпроқ суюқ углеводород заҳираларини ўстиришга эриши мақсад қилиб олинган.

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш жараёнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларининг Давлат геология қўмитаси, “Ўзлитинефтгаз”АЖ, “Ўзбекгеофизика” АЖ етук мутахассислари, шунингдек, Геология фанлари Университети “ИГИРНИГМ” илмий тадқиқот муассасаларининг ходимлари, хорижий корхона ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, яқин ва узоқ хориждаги “ТАТНЕФТЬ”, “ТАГРАС” ва “ТНГ” групп каби бир қатор юқори тажрибали ҳамкорларнинг тажрибаларидан кенг фойдаланиш, уларда мавжуд энг илғор, замонавий ва инновацион ечимларини ўзлаштириш, тармоқда рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда барча жараёнларни комплекс рақамли-моделлаштириш орқали бирлаштиришни таъминлашга эришиш мақсад қилиб олинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республиканинг Устюрт, Қашқадарё ва Бухоро минтақаларида янги майдонларни ўзлаштириш, янги захираларини аниқлаш ҳамда углеводородларни қазиб чиқаришни самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|