“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллик фаолият сарҳисоби ва йиллик устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бошқарув раиси ўринбосарлари, бошқармалар, заводлар, нефть базалар ва бошқа тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллик фаолияти борасида танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида юз берган ҳолат ва ушбу ёнғинда ҳалок бўлган тажрибали мутахассис, марҳум Шавкат Насимовни ёдга олиб, унинг оила аъзолари доимо эътиборда бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишини олдини олиш мақсадида жорий этилган бир қатор тартибларга амал қилинишини қатъий назорат қилиш бўйича вазифалар яна бир бор эслатиб ўтилди.

Аномал иссиқ иқлим шаротида содир бўлиши мумкин ёнғин ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш, саноат ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаменти бошлиғи лавозимига Мадатов Феруз Ҳамидович, Лойиҳалаштириш департаменти бошлиғи лавозимига Мирқобилов Искандар Анварович, Объектларни ҳимоя қилиш ва сафарбарлик ишлари бўлими бошлиғи лавозимига Абдувалиев Дилшод Васикович, Мароқанд нефть базаси директори лавозимига Икромов Анваржон Исматуллаевич тайинлангани расман эълон қилинди.

Бошқарув раиси олти ойлик якунлари билан кўрсаткичларни муҳокама қилар экан, йил бошидан бу бўйича чора-тадбирлар белгилаб олиниб, барча шароитлар яратиб берилганини билдирди.

Барча ходимларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватланиб келинишига қарамай жойларда ўғирлик ва талон-тарож ҳолатлари камаймаётганлиги кескин танқид қилинди.

Кўрсаткичларга эътибор қаратиладиган бўлса, углеводородларни қазиб чиқариш бўйича табиий газ 16,7 млрд куб метрни ташкил этиб, баланс бўйича 100,1% (ўсиш суръати – 100,8%)ни, газ конденсати 103,1% (712,3 минг тонна), нефть 106,5% (60,1 минг тонна) бажарилди. Лекин, қўшимча режа бўйича белгиланган кўрсаткичларни бажаришда айрим масъуллар вазифасига совуққонлик билан ёндошаётгани, йиллик натижаларга қараб уларнинг лавозимда қолиш ёки қолмаслиги айтилди.

Бугунги йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги бошқармаларида рўй бераётган ёнғин углеводородлар захирасини ошириш ҳамда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмига салбий кўрсатаётгани, саноат ва экология хавфсизлиги, меҳнат хавфсизлиги бўйича ишлар тўғри ташкил қилинмагани ортидан Саноат ва экология хавфсизлиги соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги департаменти раҳбари Рашид Раҳматовга хайфсан эълон қилинди.

Бошқарув раиси Газли газни қайта ишлаш заводи директори Шерзод Шоимовнинг ҳам иш фаолиятини қониқарсиз деб баҳолади, мавжуд камчиликларни бартараф этишда фаол иштирок эмагани учун расман огоҳлантирилди.

Йиғилишда, нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳам алоҳида муҳокама ўтказилди. Автобензин 435,2 минг тонна ишлаб чиқарилиб, режа 119,0%га (ўсиш – 108,8%), дизель ёнилғиси эса 234 минг тонна (234,2%) ишлаб чиқарилиб, белгиланган вазифа ортиғи билан бажарилганини қайд этди, аммо авиакеросин ва мазут ишлаб чиқаришда камчиликлар кузатилганини танқид қилди.

Таъкидлаш керакки, суюлтирилган газ, полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича 6 ойлик кўрсаткичлар бажарилиб, иккинчи ярим йилликда ишлаб чиқариш ҳажми янада орттирилишига келишиб олинди.

Умуман олганда, прогноз кўрсаткичлари ижроси ҳолати нисбатан ижобий бўлсада, ҳисобот даврида бир қанча имкониятлар бой берилди, қатор камчиликларга йўл қўйилди, – деди Бошқарув раиси.

Жумладан, “Шарқий Бердақ” конидаги 91-, 92-, 94-сонли ва “Шимолий Бердақ” конидаги 104-сонли ишлатиш қудуқлари бурғилаш билан тугатилмади, “Зеварда” конида қуриб ишга туширилган сиқув компрессор станцияларининг иккинчи босқичи газ коллекторлари ва беркитиш-бошқариш қурилмалари (ЗРА) билан таъминланмаганлиги сабабли газ коллекторлари қуриб ишга туширилмади.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолад, табиий газ қазиб чиқариш қўшимча прогноз топшириғи билан жами 34,1 млрд куб метр бўлишини таъминлаш топшириғи берилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари томонидан 2020 йилга қадар пайдо бўлган дебитор қарздорликни бартараф этиш кераклиги ўтган йиғилишларда қайта-қайта таъкидлансада, дебитор қарздорликни бартараф этиш қониқарсиз ҳолатда экани таъкидлаб ўтилди.

1 июль ҳолатига жами дебитор қарздорлик 165 млрд сўмни, жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналари қарздорлиги 88 млрд сўмни, тизим корхоналари қарздорлиги 10 млрд сўмни ҳамда бошқа истеъмолчиларнинг қарздорлиги 67 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Қарздорликнинг асосий қисми Жиззах (66 млрд сўм), Андижон (25 млрд сўм), Бухоро (21 млрд сўм), Мароқанд (19 млрд сўм), Гулистон (17 млрд сўм) ва Фарғона (7 млрд сўм) нефть базалар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бошқарув раиси нефть базалардаги аҳвол ҳамон аянчли аҳволда қолаётганини танқид қилди ва қуйидаги салбий ҳолатлар эълон қилинди. Жумладан, Жиззах нефть базасида жорий йилнинг май ойида 3 та ҳолатда 288,0 млн сўмлик шартномалар ноқонуний равишда тузилганлиги аниқланди.

Кучлук нефть базаси томонидан табиатга етказилган зарар учун 131 млн сўм жарима тўлаб берилган бўлиб, ушбу маблағларни мазкур салбий ҳолатга йўл қўйган Бекобод филиалининг масъул ходимлари: филиал бошлиғи ўринбосари Мўминов, меҳнат муҳофазаси ва ҳавфсизлик техникаси бўйича мутахассис Караматов, механик Турдибеков ва ўт ўчириш ва қўриқлаш бўлими бошлиғи Ҳолиқовлар ҳисобидан ундириш чоралари кўрилмаган.

Тахиатош нефть базасида корхоналарга 2 та ҳолатда амалдаги шартномага қўшимча келишув имзоланмасдан 47,0 млн сўм, 1 та ҳолатда 69,0 млн сўм аванс пуллари ортиқча ўтказиб берилган ҳамда 54,0 млн сўмлик ойлик иш ҳақи билан боғлиқ ортиқча тўловларга йўл қўйилган;

Мароқанд нефть базаси Нуробод филиалида жорий йилнинг март ойида 114 минг литр 661,2 млн сўмлик нефть маҳсулотларидан камомад аниқланган.

Тўпланган барча ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилди ва Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Бошқарув раиси ушбу йиғилиш давомида бошқарма, завод ва нефть база раҳбарлари билан алоҳида суҳбат ўтказиб, муаммоли масалалар муҳокама қилинди. Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” корхонаси, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармалари, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бош геологи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директори, Фарғона нефть базаси раҳбари, “Андижонқудуқтаъмирлаш” МЧЖ раҳбарлари йилнинг иккинчи ярмида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ўз фикр ва мулоҳазалари, режалари бўйича ахборот беришди.

Ўз навбатида айтиш керакки, бошқармалар учун табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишда зарур бўлган барча шароитлар яратиб берилган бўлиб, ишчи-ходимларнинг яшаш ҳамда ишлашлари учун белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бошқарув раиси энг аввало табиий газ қазиб чиқарилиши энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб, 2021 йилнинг иккинчи ярмида белгиланган режа кўрсаткичларидан ташқари, қўшимча режани ҳам тўлиқ бажариш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунида, махсус “Ишчи гуруҳ” тузиш ҳамда корхоналарда ва тизим ташкилотларида, улардаги ишчи-ходимларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда қисқа фурсатда уларни ҳал этиш бўйича топшириқ берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|