“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Қадрли хотин-қизлар! Ҳурматли ҳамкасблар! Барчангизни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Жамият ва тизимдаги заводлар, бошқармалар, нефть базалари ва барча ташкилотларимизда фаолият олиб бораётган, ўзининг меҳнати билан намуна кўрсатаётган азиз опа-сингилларимизни табриклайман.

Барчангизга оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаб, нефть ва газ соҳаси ривожига ҳисса қўшиш учун биз эркаклар билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётганингиз учун сизларга таъзим қиламан. Бу қутлуғ айёмда сиз муҳтарама аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Сизларнинг самарали меҳнатларингиз эвазига бугун “Ўзбекнефтгаз” АЖ мамлакатимиз равнақи йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Сизларнинг меҳнатингиз сабаб, табиий газ қазиб чиқарилиши ошиб бормоқда. Заводларда матонат билан ишлаётганингиз ҳисобига табиий газ қайта ишланмоқда. Сизлар сабаб, корхоналарда озодалик сақланиб турибди.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган сиз мунис аёлларимизни баҳорнинг илк байрами муносабати билан ўзим ва оила аъзоларим, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 40 мингдан зиёд эркак ишчи-ходимлари номидан гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.

Ҳурмат билан,

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси
Меҳриддин АБДУЛЛАЕВ