“Ўзбекнефтгаз”: “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида полимер ишлаб чиқариш жараёнлари ва янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди

Бош саҳифа Русский

“Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида 2020 йил давомида 4,49 млрд куб метр табиий газ хомашёси қайта ишланиб, 709,75 млн куб метр ҳажмдаги газ чуқур қайта ишлаш жараёнларига йўналтирилди ва ундан 354,46 минг тонна полиэтилен ва 97,5 минг тонна полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди.

2021 йил мобайнида ишлаб чиқариладиган полимерларнинг маркалар бўйича режа кўрсаткичлари 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси товар хомашё биржаси орқали сотилган полимер маркалари талабидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди ва ҳар бир маркани ишлаб чиқариш ҳажмлари бозор талабидан келиб чиқиб белгилаб олинди.

Ишлаб чиқариш технологик жараёнлари, олиб борилаётган лойиҳаларнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш мақсадида, департамент мутахассислари жойида кенг қамровли ўрганишлар ва керакли мутахассислар билан фикр алмашилди.

Истиқболли “Юқори тозаликдаги водород ва азот қуйиш станциясини қуриш” лойиҳаси 2021 йилнинг февраль ойида тўлиқ ишга туширилиши кутиляпти ва йилига 400 минг доллар миқдорида валютани иқтисод қилиш ва тармоқ лабораторияларининг юқори тозаликдаги водород ва азотга бўлган талабини қондириш имкониятини яратади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Газни қайта ишлаш ва газ кимё департаменти масъул раҳбарлари ва “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси мутахассислари иштирокида заводнинг иш самарадорлигини янада ошириш, полимер ишлаб чиқариш жараёнлари ва янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

“Пиролиз дистиллятидан компрессорларни ювиш учун мой ишлаб чиқариш” лойиҳасининг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинди ва ушбу лойиҳани амалга оширишнинг амалдаги муддати 2024 йилнинг сенятбрь ойидан 2023 йилнинг январь ойига қадар бажариладиган ишларни параллель равишда амалга ошириш ҳисобига 15 ойга олдинга сурилди ва лойиҳаларнинг кейинги босқичда амалга ошириладиган механизмлари ва шартлари белгилаб олинди.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, ушбу лойиҳа ҳам йилига 4 млн доллар миқдорида валютани иқтисод қилиш ва тармоқ заводлари учун зарур бўлган компрессорларни ювувчи саноат мойини йилига 7600 тонна билан таъминлаб беради ва йилига Республикамиз учун қўшимча 11 млн доллар миқдоридаги валютани иқтисод қилиш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, Департамент ва корхона масъул мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланилаётган ёқилғи мойловчи материаллар, бутловчи қисмлар ва кимёвий реагентлар импортини қисқартириш масалалари муҳокама қилинди ҳамда материал техник ресурсларни харид қилиш йўналишида Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи корхоналар билан кооперация алоқаларни кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|