“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев “Uzbekistan GTL” заводида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари қурилиш жараёни ва ишга тушириш созлаш олди ишларини яқиндан ўрганиш мақсадида “GTL” заводида бўлди.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги заводнинг қурилиш майдонида жадал суратларда қурилиш ишлари давом эттирилиб, унда 4 минг нафарга яқин маҳаллий ва хорижий ишчилар, мутахассислар ўз меҳнат фаолиятларини олиб боришмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари қурилиш майдонида бўлиб, бу ерда ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, яшаш жойларининг ҳолати, олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари билан яқиндан танишди ва бу борада эришилаётган ютуқлар, йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганди.

Қурилиш-монтаж ишларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ва хорижлик янги мутахассисларни жалб қилиш, улар учун барча қулайликларни яратиш бўйича топшириқлар берилди.

“Enter Engineering Pte. Ltd.” компанияси томонидан қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда якунлаш учун, сентябрь ойида 5 мингга яқин ишчиларни жалб этилаётганини инобатга олиб, уларнинг саломатлигини асраш, зарур шароитларни яратиш кераклиги таъкидланди.

Ҳозирда асосий технологик ускуна қурилмаларнинг 93 фоизи қурилиш майдонига етказиб берилгани, шундан, 73 % (ёки 34,1 минг тоннага тенг) заводнинг технологик ҳудудида ўрнатилгани ҳолати ҳам ўрганилди.

Асосий техник жиҳозларнинг қолган қисмини олиб келиш, қисқа фурсатда ўрнатиш бўйича қўшимча топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” “GTL” заводида электр энергияси, хомашё сув, ёқилғи газ етказиш ишлари, ёнғинга қарши тизим ва умумий оғирлиги 8 минг тоннадан зиёд бўлган Фишер-Тропш реакторлари бўйича қилинган ишлар ҳолати билан ҳам танишди.

Асосий технологик қурилмаларнинг тасдиқланган режага асосан қурилиш жараёни ва ишга тушириш созлаш олди ишлари танқидий таҳлил қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси “Uzbekistan GTL” МЧЖ, Бош пудратчи – “Hyundai Engineering Ltd.” ва “Enter Engineering Pte. Ltd.” консорциуми масъуллари билан қурилишни ўз вақтида якунлашни муҳокама қилишди.

Суҳбат давомида завод қурилишини белгиланмаган муддатдан кечиктирмай тугаллаш, барча техник жиҳоз ва ресурсларни максимал даражада жалб этиш, жорий йилда ишга туширилишини таъминлаш борасида кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу завод ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нефт кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|