“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари қурилиш-монтаж ишларининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш мақсадида “GTL” заводида бўлди (Фото)

Аввалроқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қашқадарё вилоятидаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари ҳолатини ўрганиш учун Қашқадарё вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 19 сентябрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси қурилиши йил якунига қадар тугалланиши режалаштирилган “GTL” заводида бугунги кунда бажарилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида, GTL инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишлар бажарилиши, заводнинг бир қатор ускуна ва технологик қурилмаларнинг ишга тушириш-созлаш олди ишлар бажарилиши жараёнлари ҳамда заводни ишга тушириш ва эксплуатация қиладиган персонални тайёрлашга алоҳида эътибор берилди.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириши якуний босқичга кириб, жами лойиҳа бажарилиши 90 фоизни ташкил этмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари 73 фоизга бажарилган.

Бугунги кунда қурилиш майдонида жами 9,5 мингдан зиёд қурувчи ва мутахассилар жалб қилинган бўлиб, бир неча сменада, карантин талаблари асосида иш ташкил этилган.

Жорий йилнинг октябрь ойида заводга электрэнергия узатилиши ва ёрдамчи қурилмаларини созлаш ва ишга тушириш олди ишларни бажарилиши режалаштирилган. Завод қурилиши якунланиши жорий йилнинг декабрь ойида белгиланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан лойиҳа доирасида ишларни жаддалаштириш ва муваффақиятли якунлаш юзасидан зарур бўлган топшириқлар берилди.

Қашқадарё вилоятидаги “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилиши билан Ўзбекистонга авиакеросин ва дизел ёқилғисининг импорти сезиларли даражада қисқаради.

2021 йилда “GTL” заводи тўлиқ лойиҳа қувватига босқичма-босқич чиқиши билан бирга, унда табиий газдан синтетик дизел ёқилғиси, авиакеросин, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши бошланади.

Завод табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватларини салоҳиятини кенгайтириш, углеводородлар импортини камайтириш, мамлакатнинг замонавий, сифатли ва экологик тоза ёқилғига бўлган эҳтиёжини қоплаш, шунингдек, бозорни ўз хом ашёсидан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини яратади.

Тўлиқ лойиҳа қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард кубометр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3.61 миллиард доллардан зиёд.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|