“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” “Uzbekneftegaz GTL” заводи қурилиш майдонидаги ҳолатни ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва топшириғига кўра бунёд этилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводининг қурилиш ишлари якуний босқичи амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари қурилиш жараёни, ишга тушириш ва созлаш олди ишларини яқиндан ўрганиш мақсадида “GTL” заводида бўлди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари қурилиш майдонида бўлиб, бу ерда ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, яшаш жойларининг ҳолати, олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари билан яқиндан танишди ва бу борада эришилаётган ютуқлар, йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганди.

Бундан ташқари, Шўртан газ кимё мажмуаси ва “Uzbekneftegaz GTL” заводини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш учун фойдаланишга топширилган “GTL 220/35/10 кВ” подстанциясининг иш жараёни текширувдан ўтказилди ҳамда ушбу подстанцияни коронавирус пандемияси даври бўлишига қарамай, қурилишнинг сифатли тугаллангани эътироф этилди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Uzbekneftegaz GTL” инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, заводдаги бир қатор ускуна ва технологик қурилмаларнинг ишга тушириш-созлаш олди ишлари бажарилиши жараёнлари ҳамда заводни ишга тушириш ва эксплуатация қиладиган персонални тайёрлашга алоҳида эътибор бердилар.

“Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метан гази базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси бўйича “Uzbekneftegaz GTL” заводи ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

Бошқарув раиси ташриф давомида завод қурилишини белгиланган муддатдан кечиктирмай тугаллаш, барча техник жиҳоз ва ресурсларни максимал даражада жалб этиш, жорий йилда ишга туширилишини таъминлаш борасида топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан ҳафта мобайнида Қашқадарё вилоятидаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарининг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|