“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekneftegaz GTL” заводида ишлаб чиқариладиган ёнилғини истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича чора-тадбирлари амалга оширилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

Айни пайтда янги барпо этилган “Uzbekneftegaz GTL” заводидаги қурилмаларни босқичма-босқич ишга тушириш жараёнлари амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан ушбу заводда келгусида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган углеводород маҳсулотларини транспортировка қилиш, сақлаш ва реализациясини амалга ошириш юзасидан қатор тадбирлар олиб борилмоқда.

Нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, нефть маҳсулотларини сақлаш ва транспортировка қилиш департаменти бошчилигида Жамият тасарруфидаги тегишли ташкилотлар мутахассислари иштирокида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сиғимларга қабул қилиш, сақлаш ва истеъмолчиларга сотиш ва юклаш ҳамда жараёнларда уларнинг сифат кўрсаткичларини таъминлашни режалаштириб олиш бўйича заводга сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан навбатдагиси "Бухоро" нефтни қайта ишлаш заводи, "UNG Petro" МЧЖ ҳамда Жамият тасарруфидаги барча нефть базаларининг мутахассислари иштирокида ташкил этилди.

Бундай учрашувларни ташкил этишдан мақсад, Жамиятдаги турдош ташкилотлар мутахассисларининг синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш жараёнлари, уларни сақлаш, юклаш ва сифатини таъминлаш борасидаги тушунчаларини такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашишни таъминлашдан иборат.

Учрашув доирасида иштирокчилар заводдаги технологик жараёнлар ва қурилмалар, замонавий бошқариш пульт маркази, талабларга мос тарзда жиҳозланган лабораториялар, ярим тайёр ва товар маҳсулотларини сақлаш парки, маҳсулотларни ортиш темир йўл эстакадаларида бўлишди.

Шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метанидан суюлтирилган синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш ва товар сиғимларига узатиш жараёнлари, ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотларнинг техник таснифлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, солиштирма жадваллар бўйича презентация маълумотлари тақдим этилди. Маҳсулотларни истеъмолчилар эҳтиёжлари учун юклаш, қабул қилиш, сақлаш ва сотиш механизмлари, қайд этилган жараёнларда маҳсулот сифатини таъминлаш ва бошқа қатор масалалар бўйича ўзаро фикр алмашинди.

Лойиҳа доирасида маркетинг ва тарғибот ишлари нефть базаларида, АЁҚШларда синтетик дизель ёнилғисини алоҳида қабул қилиш, сақлаш, юклаш (қуйиш) техник тизимини тайёрлаш, сиғимларни тозалаш, ювиш ва буғлаш ишларини бажариш масалалари муҳокама қилинди.

Нефть базалари кесимида синтетик дизель ёнилғисини сақлаш имкониятлари (миқдори) тўғрисидаги маълумотларни “Uzbekneftegaz GTL” МЧЖ тақдим қилиш, ёнилғини сақлаш, юклаш, ташиш ва қабул қилишда табиий йўқотиш меъёрларини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.

Томонлар "Бухоро" нефтни қайта ишлаш заводида синтетик керосин сақлашга мўлжалланган 5 000 куб метр ҳажмдаги иккита сиғимни ўз вақтида ишга туширилиши юзасида маълумот алмашишди.

Синтетик керосинни “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда ишлаб чиқариладиган “Джет А-1” авиакеросинига қўшиб товар авиакеросини хуқуқий-меъёрий жиҳатдан ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида, “Uzbekneftegaz GTL” МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, авиапарвоз ташкилотлари мутасаддилари билан иш олиб бориш масалалари бўйича мутахассислар ўзаро фикр алмашишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|