“Ўзбекнефтгаз”: “Шўртан” газ конденсат кони ва унинг атрофидаги майдонларда 3Д сейсмик-қидирув ишлари олиб борилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 18 ноябрдаги ПҚ–4522 сонли “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Давлат раҳбарининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига геология-қидирув борасида бир қатор топшириқлар берилган.

Белгилаб берилган вазифалар ва топшириқлар ижросини бажариш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида “Ишчи гуруҳ” тузилиб, Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган “Шўртан” газ конденсат конининг янги истиқболларини аниқлашга қаратилган 3Д сейсмик-қидирув ишлари бошланди.

2021 йилнинг илк кунлариданоқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан “Шўртан” кони ва унинг атрофидаги жами 620 кв.км. ҳажмдаги майдонларда 3Д сейсмик-қидирув ишлари тўлиқ бажарилди.

Ушбу 3Д сейсмик-қидирув ишларини амалга ошириш учун бу соҳада дунёда етакчи ҳисобланган “INOVA” (АҚШ) компаниясининг янги сейсмик ускуна ва дастгоҳларидан фойдаланилди.

Шунингдек 400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий сейсмик-қидирув ишлари мутахассислари ҳамда 50 дан ортиқ махсус техникалар сафарбар қилинган.

Амалга оширилаётган 3Д сейсмик-қидирув ишларининг сифат кўрсаткичлари малакали мутахассислардан иборат “Супервайзерлар гуруҳи” томонидан доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.

Олинган маълумотлар эса “Маълумотларни қайта ишлаш” марказларига етказиб берилиб, тезкор тартибда қайта ишланмоқда.

Бажарилаётган 3Д сейсмик-қидирув ишлари натижасида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфида мавжуд бўлган энг сўнгги русумдаги серверлар, замонавий компьютер технологиялари ва илғор дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда рақамли геологик моделлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Натижада, ҳудуддаги барча конларнинг, айниқса “Шўртан” конининг янги истиқболлари баҳоланади, табиий газга тўйинган янги қатламлар аниқланади, нефть ва газга истиқболли бўлган янги майдонлар, участкалар ажратилади ҳамда янги қудуқларни бурғилаш нуқталари белгилаб берилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан геология-қидирув ишларини самарали амалга ошириш, йил якуни бўйича белгиланган барча прогноз кўрсаткичларини тўлиқ бажаришни таъминлаш мақсадида, ушбу тадбирларга соҳанинг энг малакали геолог ва геофизик мутахассислари жалб этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари белгиланган барча прогноз кўрсаткичларини самарали бажариш, нефть ва газнинг саноат миқёсидаги захираларини ўстириш, бу орқали эса Республика углеводород хом ашё базасини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республиканинг Устюрт, Газли, Муборак ва Шўртан зоналарининг истиқболли майдонларида углеводород захираларини ўстириш ва янги нефть ва газ конларини очишга йўналтирилган геология-қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|