“Ўзбекнефтгаз”: Вахта усулида меҳнат қилаётган ишчи ходимларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича масъуллар огоҳлантирилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан Жамият таркибидаги завод ва қудуқларнинг ҳолатларини ўрганиб чиқиш билан бир қаторда, мутахассислар ва ишчи ходимлар билан ҳам учрашиб, уларнинг ишлаш, яшаш шароитларига ҳамда сифатли иссиқ овқат билан таъминланиш жараёнларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Бошқарув раисининг топшириқларига асосан Молиявий ва комплаенс назорати департаменти томонидан тизимдаги бошқармалар ва корхоналарда ишловчи ходимларни иссиқ овқат билан таъминланиши бўйича яратилган шароитлар ўрганилганда, тизимда зудлик билан бартараф этилиши талаб этиладиган бир қатор хато, камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, вахта усулида ишлаётган ишчиларни жамият маблағлари ҳисобидан кунига уч марта иссиқ овқат билан таъминланиши ҳолати талаб даражасида эмаслиги, айрим жойларда иссиқ овқат ўрнига фақат озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш билан чекланилгани аниқланди.

Бу эса ўз навбатида бир ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, малакали ошпаз мутахассислар томонидан иссиқ овқат тайёрланмаслиги, санитария ва гигиена қоидалари, сифати ва кафолати билан боғлиқ хавфларнинг юзага келишига олиб келади.

Шўртан, Муборак ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқарма (НГҚЧБ)ларида олиб борилган ўрганишлар натижасида, ошхоналардаги овқат тайёрлаш шароитлари, жиҳозлари ва овқатланиш анжомлари технологик, санитария гигиенага жавоб бермаслиги, маҳсулотларни сақлаш учун шароитлар етарли эмаслиги аниқланди ва ҳақли равишда ишчи-ходимларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бошқарманинг “Кулбешкак”, “Дояхотин”, “Қумли”, “Тўмарис” цех (кон)ларида ва Кичик компрессор қурилмасининг “Ғарби”да ишловчи ходимларига етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати яхши эмаслиги ва айрим ҳолатларда ўз ҳисобидан сотиб олишлари, шунингдек, ошхона шароитлари лозим даражада эмаслиги аниқланиб, бу бўйича ходимлар ўзларининг ҳақли эътирозларини билдиришган.

Бошқарув раиси томонидан ушбу йўналиш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги таъкидланиб, мавжуд хато, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, келгусида йўл қўйилишини олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўриш бўйича тизим бошқарма ва корхона раҳбарларига, департамент бошлиқларига ва бошқа масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|