“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йил биринчи чорак натижалари ва биринчи ярим йиллик учун устувор вазифаларига доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизимдаги бошқарма, корхона ва ташкилотлар, нефть база раҳбарлари иштирокида 2021 йилнинг ортда қолган даврида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилиш аввалида Бошқарув раиси табиий газ қазиб чиқариш 8,2 млрд куб метрни ташкил этиб, баланс бўйича 100,9%га, конденсат 100%га (358 минг тонна), нефть бўйича белгиланган кўрсаткичлар 109%га (31 минг тонна) бажарилган бўлса-да, қўшимча режа топшириғи бўйича айрим масъуллар ишни тўғри ташкил қилмаганини кескин танқид қилди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилда геологик-техник тадбирларни амалга ошириш бўйича янги режалар белгиланган бўлиб, қудуқларни ишга тушириш 113% (45 та қудуқ), қудуқларни мукаммал таъмирлаш 101%га, (174 та қудуқ) бажарилди. Бошқарув раиси ушбу йўналишда бунданда юқори натижалар кутилганини алоҳида таъкидлаб, биринчи ярим йилликда яна-да кўпроқ табиий газ қудуқларини ишга тушириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича, жумладан, автобензин 128% (238 минг тн), дизель ёнилғиси 185% (77 минг тн), полиэтилен 101%га (35 минг тн) йўналишларида режани ортиғи билан бажариш қайд этилган бўлса-да, авиакеросин, мазут ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилгани таъкидланди ва бунинг учун тегишли раҳбарлар огоҳлантирилди. Суюлтирилган газ (159 минг тн) бўйича ҳам белгиланган қўшимча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бажарилмагани, агарда биринчи ярим йилликда ҳам шу ҳолат такрорланса, масъулларга қатъий жазо чоралари кўрилиши белгилаб қўйилди.

Ўз навбатида юқори натижалар қайд этилган йўналишлар алоҳида эътироф этилди. Айнан экспорт йўналишида натижалар 111%га бажарилиб, ўсиш сурати 107% бўлишига эришилган. Худди шу каби инвестицияларни ўзлаштириш 103%, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 105%, импортни қисқартириш 157%га бажарилди.

Бошқарув раиси “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдида турган энг асосий масала – табиий газ қазиб чиқариш ишлари ҳолати шунча шароит яратилганига қарамай жойларда ишни тўғри ташкил қилинмаётганини танқид қилди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан табиий газ қазиб чиқариш режаси бажарилган бўлсада, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 98% бўлиб, 103 млн куб метрга кам қазиб чиқарилгани, Сиқув компрессор станцияларининг табиий газ қазиб чиқариш қуввати кунлик 1,5 млн куб метр бўлсада, бугунги кунда улардан самарали фойдаланилмаётгани, авария ҳолатда тўхталишлар кўп содир бўлаётгани, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошиб кетгани ва бунга айнан Бошқарма раҳбари жавобгар экани айтиб ўтилди.

Шу сабабли, Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳзод Алиризаев, Мухтор Темиров, Қурилиш департамент бошлиғи Орифжон Қуванов, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Рустам Шеровга табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида, узунлиги 5 км (диаметри 426 мм ва 530 мм) бўлган газ қувурларини ётқизиш ва қурилиш-монтаж ишларини тезлаштириш бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

“Алан” ва “Зеварда” кони қудуқлар фонди билан ишлаб, янги қудуқларни бурғилаб ишга тушириш орқали газ қазиб чиқаришни кўпайтириш чораларини кўрилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Бошқарув раиси Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб, табиий газ қазиб чиқариш режаси бажарилган бўлсада, ўсиш суръати кутилганидек бўлмаганини, Бошқармада авариявий тўхталишлар сони ошгани танқид қилди.

Шу ўринда Бошқарув раиси ўринбосари Алишер Мустафаев, Департамент бошлиқлари Сирожиддин Маллаев ва Азиз Раҳмонов, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Шокир Жабборовга биринчи ярим йилликда табиий газ қазиб чиқариш қўшимча топшириқ билан 4 млрд 433 млн куб метрдан кам бўлмаган ҳажмда таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Ўз навбатида, Водий нефть ва газ қазиб чиқариш ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарлари ҳам ишни тўғри ташкил қилмагани, етарли камчиликларга йўл қўйгани, табиий газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларни бажармагани учун расман огоҳлантирилишди.

Бошқарув раиси Муборак газни қайта ишлаш заводида 21 маротаба авариявий тўхталишлар содир бўлгани, шундан 18 таси компрессорлар билан боғлиқ носозликлар эканини танқид қилди.

Ушбу ҳолатлар оқибатида ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтаб, заводга катта миқдорда молиявий зарар етаётгани, тўхталишлар натижасида суюқ углеводородлар йўқотилаётгани, буни олдини олиш учун зудлик билан барча чоралар кўрилиши бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Бошқарув раиси жорий йил биринчи чоракда йўл қўйилган камчиликлар ва муаммоларни қайта такрорламаслик ҳамда иккинчи чоракда табиий газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш, қудуқларни капитал таъмирлаш ва бурғилаш ишларини жадаллаштириш мақсадида, Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азиз Раҳмонов бошчилигида тегишли департамент мутахассисларидан таркиб топган “Тезкор ишчи гуруҳ” ташкил қилиш ва юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилиш сўнггида Бошқарув раиси нефти базалар фаолиятига алоҳида тўхталар экан, шунча чора-тадбирларни амалга оширилишига қарамай нефти базаларининг раҳбарлари тегишли хулоса чиқармаётгани, ишни тўғри ташкил қилмаётганини айтиб ўтди.

Нефти базалар томонидан дизель ёнилғиси сотиш кўрсаткичлари жуда ачинарли ҳолатда экани, 2021 йил 1 январь ҳолатига 34,7 млрд сўмлик дебитор қарздорлик, жумладан Бухоро – 26,5 млрд сўм ва Жиззах – 8,2 млрд сўмлик қарздорлик йил давомида яшириб келингани таъкиланди.

Фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари, жумладан, дебитор қарздорликларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар ташкил қилмаганлиги сабабли Жиззах нефти базасига қарашли Зарбдор филиали директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бошқарув раиси Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан ўрганишлар олиб борилаётганига қарамай ҳанузгача соҳада талон-тарож ва ўғирликлар бўлаётганини айтиб, бу борада тўпланган ҳужжатлар тегишлилигича прокуратура органларига берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўрганишлар натижасида Устюрт бошқармаси тасарруфидаги автотранспорт воситалари асоссиз равишда, тегишли хужжатлар расмийлаштирилмаган ҳолда Устюрт бурғилаш бошқармасига 3 ой хизмат кўрсатиб келган. Шунингдек 1 йил давомида носоз ҳолда турган бульдозер транспорт воситасига бириктирилган 2 та ҳайдовчига 65 млн сўм иш ҳақи тўлангани, Шўртан газ кимё мажмуасида амалда меҳнат фаолиятини олиб бормаётган ходимларга ойлик иш ҳақи ҳисобланган ва тўлаб келинган, Муборак газни қайта ишлаш заводида ҳайдовчиларни меҳнатга буйруқсиз жалб қилингани, ноқонуний йўл варақалари расмийлаштирилгани, Мароқанд нефть базаси Нуробод филиалида 115 минг литр ёки қиймати 663 млн сўм бўлган маҳсулот камомади аниқланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|