“Ўзбекнефтгаз”: Табиий газ қудуқлари ва конларда ишларни етарли даражада ташкил қилмаган Бошқарма директори ўрнига янги раҳбар тайинланди

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳоли учун етказиб бериладиган табиий ва суюлтирилган газ бўйича белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида бажариш ҳудудлардаги Нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари раҳбарларининг ишни тўғри ташкил этишига боғлиқдир.

Афсуски, айрим Бошқарма раҳбарлари томонидан ўз ишига масъулиятсизлик ва эътиборсизлик билан ёндашаётган ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Бошқарув раиси бошчилигида ташкил этилган “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан табиий газ қудуқлари ва конларидаги аҳвол ва ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар мунтазам ўрганилмоқда. Мавжуд муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 14 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида товар-моддий бойликлар базасини шакллантириб бериш бўйича барча шароитлар яратиб берилганига қарамай, қудуқларни бурғилаш, таъмирлаш ҳамда углеводородлар захирасини кўпайтиришга масъул бўлган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва унинг раҳбари томонидан жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги таъкидланган эди.

Табиий газ қазиб чиқариш қудуқлари ва конларда ишларни етарли даражада ташкил қилмаганлиги, бу борадаги ишларни амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлари, табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари бажарилмаганлиги ва топшириқлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйгани учун Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Алишер Эгамов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг буйруғига асосан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори лавозимига Мажидов Абдулло Қаҳҳорович тайинланди.

У шу кунга қадар “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида директор ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Абдулло Мажидов Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида муҳандис, цех бошлиғи ўринбосари, бош мутахассис, бўлим бошлиғи каби лавозимларда фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бош геологи табиий газ қазиб чиқариш ҳолати, конлар ва қудуқлардаги аҳвол сабабли лавозимидан озод этилган эди.

Бошқарув раиси топшириғи билан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва Бошқармадаги аҳволни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|