“Ўзбекнефтгаз”:“ИННОПРОМ” халқаро саноат кўргазмасида етакчи компаниялар билан ўзаро ҳамкорлик янги босқичга чиқди, келишувлар тузилди

Бош саҳифа Русский

Ўтган йили кўплаб тармоқлар учун радикал ўзгариш даври бўлиб, уларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига ижобий ва салбий таъсир кўрсатди. Нефть ва газ саноати ҳам бундан мустасно эмас.

Пандемия муносабати билан жорий этилган чекловларга қарамай, Россиянинг кўплаб ишлаб чиқарувчилари ва молия институтлари жорий йилнинг 5-7 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “ИННОПРОМ”: Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро кўргазмасида фаол иштирок этишди.

Халқаро кўргазма кутилганидан кўпроқ натижа берди, ҳамкорлар янги марраларни эгаллашди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз олдига юқори даражадаги шаффоф ва корпоратив бошқарув маданиятига эга бўлган замонавий халқаро нефть ва газ компаниясига айланиш бўйича улкан мақсадларни қўйган. Шунингдек, айни пайтда Жамият Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан соҳанинг мавжуд салоҳиятини очиш мақсадида ислоҳотлар жараёнини тезлаштириш учун халқаро маслаҳатчилар фаол жалб қилинмоқда.

Ушбу халқаро саноат кўргазмасида “PricewaterhouseCoopers” (PwC) халқаро компаниялар тармоғининг иштирок этиши ҳам томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида айни мудао бўлди. Кўргазма доирасида ушбу аудиторлик ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи компания томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди. Шу мақсадда ташкил этилган учрашувда томонлар компаниянинг операцион фаолиятининг энг муҳим йўналишларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, тадбир доирасида “Совсомбанк” АЖ билан ўтказилган музокаралар натижасида ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. Ушбу Меморандумдан кўзланган мақсад “Ўзбекнефтгаз” АЖ лойиҳаларини амалга ошириш учун банкнинг молиявий маҳсулотлари ва хизматларидан фойдаланиш имкониятларини биргаликда кўриб чиқишдан иборат.

Маълумот учун: “Совкомбанк” АЖ – 2019 йил охирига келиб, Интерфакс рейтингида Россия бухгалтерия ҳисоби стандартлари (РБҲС) активлари бўйича Россиядаги учинчи хусусий банк ҳисобланади. Филиаллар тармоғида 2 500 та идораси мавжуд бўлиб, ходимлар сони 15 000 нафарни ташкил этади. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) гуруҳининг капитали 139 миллиард рублни ташкил этди.

Кўргазмада намойиш этилган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг стенди ва онлайн кўргазмаси ўзаро алоқаларни ривожлантириш истагида бўлган кўплаб хорижий компанияларни ўзига жалб этди.

Хусусан, Россия Федерациясининг йирик тижорат банкларидан бири бўлган “Москва кредит банки” делегатлари ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувни ҳам бунга мисол қилиш мумкин. Музокаралар давомида томонлар экспорт-импорт операцияларини ўтказиш, кредитлаш шартлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишди. Томонлар нефть-газ саноатидаги жорий инвестиция лойиҳалари ва истиқболли ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари бўйича самарали музокараларни олиб боришди.

Саноат кўргазмасининг иккинчи кунида “SUEZ Water Technologies & Solutions”, “ГРУППА ЧТПЗ” АЖ, “РЭП Холдинг” АЖ, ПК “Платформа”, Новомет компаниялар гуруҳи, “СпецЭнергоМодуль” МЧЖ, “Гранд Трейд” АЖ, “Горные технологии” ЁАЖ каби корхона вакиллари билан музокоралар ўтказилди.

Хусусан, Франциянинг “SUEZ Water Technologies & Solutions” компанияси саноат корхоналари учун сувни қайта ишлаш, тозалаш иншоотларини барпо этиш ва бошқариш, сув ресурсларини оптималлаштириш, кимёвий ускуналар ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича технологик ечимлар таклиф этишга ихтисослашган. Учрашувда мазкур корхонананинг “Uzbekneftegaz GTL” лойиҳасидаги иштироки ҳолати, лойиҳа доирасида кўзда тутилган сув иншооатларига асбоб-ускуналарни етказиб бериш ва уларни шеф-монтаж қилиш ҳолати кўриб чиқилди.

Шунингдек, корхона вакиллари томонидан “Шўртан газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” лойиҳасида ҳам иштирок этишга катта қизиқиш билдирилди.

Жорий йилнинг апрель ойида лойиҳада иштирок этиш бўйича техник мутахассислар иштирокида махсус учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|