“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан аҳоли истеъмоли учун етарли газ қазиб чиқариляптими?

Хуршид Далиев, блогер, "Human.uz" Интернет нашри мухбири:

– Бугунги кунда ОАВга аҳолидан газнинг етарли даражада етказиб берилмаётгани, метан заправкалардаги навбатлар борасида кўплаб мурожаатлар келиб тушяпти. “Ўзбекнефтгаз” АЖ аҳоли истеъмоли учун етарли газ қазиб чиқариб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга етказиб беряптими? “Ўзбекнефтгаз” АЖ аҳолига ўзи етказиб берса бўлмайдими шу газни?

Меҳриддин Абдуллаев, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси:

– Бугунги кунда аҳолига газни етказиб бериш борасидаги бор муаммоларни бартараф этиш учун ва қайси ҳудудда газ етишмовчилиги бўлса, тезкор қарор қабул қилиш учун Энергетика вазири бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу гуруҳ жойлардаги бор муаммоларни ечишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин бу жараён энди бошланди, халқимиз олдимизга қўйган талабларни бажаришимиз учун ҳали анча кўп вақт керак бўлади.

Аввал “Ўзбекнефтгаз” АЖ битта йирик тизим бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПҚ–4388-сонли “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ учга бўлинган. Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ газни “Ўзтрансгаз” АЖга етказиб беради, “Ўзтрансгаз” АЖ ўз навбатида “Ҳудудгазтаъминот” АЖга етказиб беради. Бу дегани – “Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгазга” газни етказиб берди, бўлди, дегани эмас. Учта тизим биргаликда иш олиб бормоқда. Бу жаҳон тажрибаси, албатта. Бундай тизимнинг яратилганидан мақсад – газни истеъмолчига тезроқ етказиб бериш.

Ўзбекистондаги ҳамма газни “Ўзбекнефтгаз” ишлаб чиқармайди. Биз бозордаги бир иштирокчимиз. Масалан, Ўзбекистонда бир йилда 51 миллиард куб метр газ ишлаб чиқарилса, шунинг 34 миллиард куб метри “Ўзбекнефтгаз” ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, республикада ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайиши эвазига йилига газ истеъмоли ҳам 7–10 фоизга ошиб боради. Газни етарли даражада етказиб бериш учун олдимизда катта ишлар турибди. “Ўзбекнефтгаз” АЖга юкланган вазифаларни бажариш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|