“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айрим нефть базалари раҳбарлари ўз лавозимидан озод этилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизим корхоналари, бошқармалар ва нефть базалари раҳбарлари ҳамда Департамент бошлиқлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида Бошқарув раиси коронавирус пандемияси давом этаётганини ҳар бир ходим ёдда тутиши кераклиги ва карантин қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлигини таъкидлади. Бу борада корхона раҳбари масъул эканлиги яна бир бора қайд этилди.

Шунингдек, апрель ойида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ўрганишлар ўтказилгани ҳамда унинг натижасига кўра, 21 нафарга яқин раҳбар ходимларнинг лавозимидан озод этилгани, бошқармада коррупция, талон-тарож ҳолатлари аниқлангани, бу ҳолатлардан барча тегишли хулосалар қилиши кераклиги таъкидланди.

Шундан сўнг, Бошқарув раиси 2021 йилнинг январь–апрель ойлари давомида табиий газ, газ конденсати, нефть қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишини танқидий муҳокама қилди.

Углеводородларни қазиб чиқариш, яъни табиий газ бўйича белгиланган натижа 100,7% га, конденсат 101% га, нефть 108% га бажарилган бўлса-да, қўшимча кўрсаткичлар бўйича камчиликлар мавжуд экани танқид қилинди.

Айтиш жоизки, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Р.Шеров) томонидан белгиланган қўшимча режа бажарилмаган. “Алан” ва “Зеварда” конлари мажмуасида сиқув компрессор станциялари фаолият юритиб, 13 та янги қудуқлар бурғилашдан ва битта излов-қидирув ишларидан янги қудуқ ишга туширилган бўлса-да, кутилган натижалар қайд этилмаган.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Ш. Жабборов) томонидан табиий газ, конденсат қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари бажарилган бўлса-да, бурғилаб ишга туширилиши режалаштирилган “Шўртан” конидаги 388- ва 335-сонли қудуқларда бурғилаш ишлари кечиккани танқид қилинди.

Бошқарув раиси томонидан табиий газ қазиб чиқариш ўсиш суръатлари қўшимча топшириқ ҳажми билан биринчи ярим йиллик якунларида бажарилишини ва Газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмаларини тўлиқ қувватларда ишлатиш орқали кунлик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилиши бўйича топшириқлар берилди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Х. Назиров) узоқ вақт давомида ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ёки бепарволикка йўл қўйилгани сабаб табиий газ қазиб чиқариш режаси тўла бажарилмаганини таъкидлади.

Шунингдек, ҳозирда барча конларда ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, табиий газ қазиб олишни оширишга, қурилмаларнинг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани айтилди.

Бошқарув раиси Газли ҳудудида ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ сифатига эътибор қаратиш ва нафақат ҳажмга, авваламбор, сифатга эътибор бериш кераклиги бўйича топшириқлар берди.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси (О. Оринбоев) томонидан биринчи ярим йиллик учун белгиланган 32 та қудуқларнинг барчасида капитал таъмирлаш ишларини бажариш, конлардаги қудуқлар фонди билан ишлаб, қувурларнинг гидравлик қаршиликларини тўлиқ ўрганиб чиқиш, қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

“Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” (У. Амонов) ва “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” (Р. Қудратов) корхоналари раҳбарларига май ойида режалаштирилган қудуқларни ишга туширишни жадаллаштириш, муддатидан аввал якунлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу видеоселектор йиғилишида “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” корхонаси (Д. Сулаймонов) сўнгги йилларда, асосан, хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳамда эскирган ускуна ва жиҳозлар билан фаолиятини давом эттира олмаётган, тугаш арафасида турган корхона бугун соғлом корхонага айлангани, нефть ва газ соҳаси ривожи йўлида қудуқларда бурғилаш ишлари самарали давом эттирилаётгани маълум қилинди.

Таъкидлаш керакки, ушбу корхона томонидан қисқа вақт оралиғида 10 млн доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Натижада эса барча асосий дастгоҳлар тўлиқ модернизация қилинди ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига янги, замонавий техника ва технологияларни жалб этиш йўли билан такомиллаштириш орқали қудуқларни капитал таъмирлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилди.

Видеоселектор йиғилиши давомида нефть базалари фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Бошқарув раиси нефть базаларида “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг масъул сақлашдаги автобензин ва дизель ёнилғиси қолдиқлари хатловдан ўтказилганини таъкидлаб, нефть базалари омборларидаги қолдиқлар заводда юритилаётган ҳисоботлардаги қолдиқлар билан ўзаро солиштириб кўрилганда, АИ-80 автобензини бўйича 4,7 минг тонна, АИ-91 автобензини бўйича 605 тонна, АИ-92 автобензини бўйича 62 тонна ҳамда дизель ёнилғиси бўйича 17 минг тонна камомад мавжудлиги аниқланди.

Жиззах нефть базаси бўйича камомад – АИ-80 автобензиндан 4,2 минг тонна, АИ-91 автобензиндан 61 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 13,1 минг тонна аниқланди ва айтиш жоизки, ушбу камомаднинг ўртача қиймати 146 млрд сўмни ташкил қилади.

Бухоро нефть базаси бўйича ҳам камомад мавжуд бўлиб, АИ-80 автобензиндан 345 тонна, АИ-91 автобензиндан 263 тонна, АИ-92 автобензиндан 55 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,8 минг тоннани ташкил қилди. Камомаднинг ўртача қиймати 20,7 млрд сўм деб баҳоланди.

Юқоридаги нефть базаларида бўлгани каби Андижон нефть базаси бўйича ҳам камомад борлиги аниқланган. АИ-80 автобензиндан 84 тонна, АИ-91 автобензиндан 280 тонна, АИ-92 автобензиндан 6,7 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,9 минг тонна бўлган камомаднинг ўртача қиймати 19 млрд сўмни ташкил этади.

Шу сабаб, Бошқарув раиси иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун Жиззах ва Андижон нефть базалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини маълум қилди. Молиявий ва комплаенс департаменти (З. Иватов)га бир қатор нефть базалари фаолиятини ўрганиш, аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳужжатларни тўплаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бериш кераклиги бўйича топшириқлар берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|