January 25, 2022

Электр энергияси таъминотидаги узилиш сабабли “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли корхоналарда қурилмалар ҳамда станциялар фаолияти вақтинча тўхтади

Бош саҳифа Русский

2022 йил 25 январь куни соат 11:00 да Республика ҳудудининг катта қисмида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилди ва шу сабабли “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг объектларида электр энергия кучланишида узилишлар бўлди.

Натижада, “Шўртан газ кимё мажмуаси”, “Муборак газни қайта ишлаш заводи”, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари”нинг асосий ишлаб чиқариш қурилмалари иш фаолияти тўхтаб қолди.

Бундан ташқари, Муборак, Шўртан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларига қарашли газ қазиб чиқариш конларида электр энергияси узилиши сабабли ишда тўхталиш рўй берди.

“Зеварда”, “Жанубий Кемачи”, “Жанубий Ўртабулоқ”, “Денгизкўл”, “Сомонтепа”, “Алан” ва “Кўкдумалоқ”, “Шўртан КМПО”, “Бетман”, “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станциялари ҳам тўлиқ тўхтаб қолди.

Юз берган тўхталишлар, “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистраль газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи камайишига олиб келмоқда.

Энерготизимдаги авариявий узилиш сабаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаг Марказий тезкор штаб тузилди, шунингдек Қарши шаҳридаги маъмурий бинода ҳам Тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилди ва тизимдаги барча ташкилотларда директорлар бошчилигида тезкор штаблар ташкиллаштирилди. Ҳозирча электр энергияси таъминоти қайта тиклангунга қадар табиий газ қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш тизимлари ишга қўшишга шай ҳолатга келтирилди.

Тошкент шаҳри ва вилоятларда етарли миқдорда ёқилғи захиралари тайёрланган ва барча нефтебазалардан узлуксиз равишда етказиб беришига шай ҳолатда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим АЁҚШларида муқобил кичик электр генераторлардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча нефтбазаларда директорлар бошчилигида тезкор штаб ташкил этилган ва АЁҚШларда вазиятлар назоратга олинган.

Мазкур даврда республикадаги йирик истеъмолчилари, хусусан давлат идораларига (ФВВ, ИИВ, ССВ ва бошқалар) уларнинг талабномалари асосида нефть маҳсулотлари узлуксиз етказиб берилиши юзасидан нефт база масъулларига тегишли топшириқлар берилди. Ҳозирда барча корхоналар томонидан юқоридаги ташкилотлардан талабномаларни йиғиб, зарур нефть маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан барча чоралар кўрилган.

Бугунги кунда 47 минг тонна автобензин (20 кунлик) ва 143 минг тонна дизель ёнилғиси (3 ойлик) қолдиғи мавжуд бўлиб, ҳудудларда истеъмолчиларни автобензин ва дизель ёнилғисига бўлган талабни барқарор таъминлаш имконияти яратилган.

Ҳозирда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖнинг тегишли мутахассислари ҳамкорлигида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича тезкор ишларни амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қўшимча расмий маълумотлар бериб борилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|