“Ўзбекнефтгаз”: Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги мавжуд бўш иш ўринларига олий маълумотли ёш мутахассислар қабул қилинди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 2021 йил 31 май куни Бухоро вилояти Ромитан туманида ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш бўйича ёшлар иштирокида сайёр учрашув ўтказилган эди.

Ушбу учрашувда аксарият ёшлар олий маълумотли бўлишига қарамай ҳозирда ишсиз эканликларини билдириб, Бухородаги нефть ва газ соҳасидаги корхоналарга ишга кириш учун имконият берилишини сўрашган.

Бошқарув раиси ўз навбатида соҳа бўйича олий маълумотга эга бўлган ёшларга имконият берилишини маълум қилиб, корхоналарда бўш иш ўринларига танлов ўтказилишини билдирган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси топшириғига биноан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги бўш иш ўринларни малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида номзодлар ўртасида саралаш танлови ўтказилди.

Олий таълим муассасаларини тугаллаган жами 89 нафар ёш мутахассислардан 11 та йўналиш бўйича яъни, бурғилаш, геология, қазиб чиқариш, маркшейдер, механика, техника хавфсизлиги, технология, харидлар, экология, газни қайта ишлаш, иқтисодиёт ва режалаштириш йўналишларида тест имтиҳонлари олинди.

Хусусан, жорий йилнинг 10 июн куни бошқармада бўш лавозимларга олий маълумотли номзодларни танлаб олиш икки босқичда бўлиб ўтди.

1-босқичда талабгорларнинг асосий билимларини аниқлаш учун тест синовлари ўтказилди. Тартибга кўра, агар талабгор тест якунлари бўйича 70 ва ундан ортиқ балл тўпласа, у иккинчи босқичга киритилиши мумкин.

2-босқичда комиссия аъзолари томонидан тест якунлари бўйича 70 ва ундан ортиқ балл олган иштирокчилар билан суҳбат ўтказилди.

Юқори балл тўплаган ёш номзодлар билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Персонални бошқариш департаменти бошлиғи Анвар Авезов ҳамда бошқарманинг мутасадди раҳбарлари иштирокида суҳбат ўтказилди. Унда талабгорларнинг билим-савияси, кўникмалари, иш тажрибалари аниқланди, Бошқармадаги ва ўрта бўғиндаги вакант иш ўринлари учун ёш номзодлар танлаб олинди.

Танлов натижасига кўра, 12 нафар номзод Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги муҳандис-техник ходимларнинг бўш иш ўринларига ишга жойлашиш учун тавсия этилди.

Талабгорларнинг 3 нафари техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасига, 3 нафари геология йўналишига, 1 нафари технология йўналишига, 1 нафари газни қайта ишлашга, 2 нафари менежер йўналиши, 1 нафари ғазначилик йўналиши ва 1 нафари харидлар йўналиши бўйича турли лавозимларга муносиб кўрилиб, уларни ишга қабул қилиш таклифи комиссия аъзолари томонидан маъқулланди.

Таъкидлаш жоизки, номзодларни танлаш жараёни видеокузатув ёрдамида, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ижро аппарати кузатуви орқали амалга оширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси топшириғига асосан, Бошқармада ҳамда ўрта бўғиндаги мавжуд вакант иш ўринларини тўлдириш мақсадида, комиссия аъзолари ишга кирувчи талабгорлардан тест имтиҳонлари олиш ҳамда суҳбат ўтказиш ишлари доимий равишда тизимли йўлга қўйилди.

Мавжуд вакант лавозимларга имтиҳондан ўтган талабгорлар билан ўрнатилган тартибда меҳнат шартномаси тузилиши ҳамда уларга мураббий тайинланиши белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|