“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёда табиий газ захираси 5,5 млрд куб метрдан зиёд бўлган янги кон очилди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳудудида олиб борилган геологик тадқиқотлар ва излов-қидирув ишлари натижасида, табиий газ ресурси 5 млрд 632 млн куб метрдан зиёд бўлган янги кон очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12–13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.

Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини бажариш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат геология қўмитаси мутахассисларидан иборат “Ишчи гуруҳ” аъзолари жойларда кенг кўламли ишларни амалга оширишди.

Хусусан, Муборак тумани ҳудудида жойлашган майдонларда излов-қидирув ишлари бажарилди ва ижобий натижа қўлга киритилди.

Жумладан, “Ижобат” газ конденсатли конининг очилиши сўнгги бир неча ой давомида олиб борилган геология-қидирув ишлари натижаси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳудудида олиб борилаётган геология-қидирув ишлари доирасида “Ижобат” майдонида 2021 йилнинг 20 январида янги излов қудуғини бурғилаш ишлари бошланган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Қашқадарёдаги табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганиш жараёнида коннинг очилиш маросимида қатнашди ва расман кон очилишига рухсат берди.

“Ижобат-1” қудуғи 2021 метр чуқурликкача бурғиланди ва ушбу жараёнда маҳсулдор қатламнинг 2021–1708 метр чуқурлик оралиғидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олина бошланди.

Қудуқдан олинган табиий газнинг дастлабки эркин кунлик дебити 200 минг куб метрни ташкил қилмоқда.

Яқин муддат ичида “Ижобат-1” қудуғида маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида қазиб чиқариш қувватини аниқлаш мақсадида геологик тадқиқот ишлари олиб борилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, “Ижобат” майдонининг ўлчами 10,5 кв км ни ташкил этиб, табиий газ ресурси 5 млрд 632 млн куб метр ва конденсат ресурси 248 минг тоннани ташкил этади.

Ушбу кон “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан жиҳозланиб, ишлаб чиқаришга қўшилади.

Бугунги кунда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан ишлатилаётган 27 та углеводород конларидаги 600 тага яқин қудуқлардан кунлик 45 млн куб метр табиий газ, 863 тонна газ конденсати ва 321 тонна нефть қазиб чиқарилмоқда. Бошқарма конларидан қазиб чиқарилаётган углеводородлар қайта ишлаш учун табиий газ – “Муборак” газни қайта ишлаш заводига, нефть ва газ конденсати – “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводига етказилади.

Жорий йил якунига қадар, “Ижобат” конида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2021 йилга мўлжалланган углеводород хомашё базасини ривожлантириш ва қайта ҳосил қилиш дастури доирасида яна иккита излов қудуқларида бурғилаш ишларини ва уларда тегишли геофизик таҳлилларни олиб бориш режалаштирилмоқда.

Истиқболли ҳудудлардаги 19 та янги майдонда бурғилаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, шундан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳудудларида жорий йилнинг бугунги холатида ушбу майдонлардан 3 тасида бурғилаш ишлари (“Ижобат”, “Раззоқбобо”, “Чорбоғ”,), биттасида (“Истиқбол”) бурғилаш дастгоҳининг монтаж ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|