“Ўзбекнефтгаз”: “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, иш ўринлари захирага қўйилади

Бош саҳифа Русский

2020 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ЎРҚ–642-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги масалалар батафсил тартибга солинади.

Шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришларнинг тез суръатларини, жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, бандлик соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришни ҳисобга олган ҳолда янгиликларни ўз ичига олади.

Қонунга биноан, ташкилотлар томонидан иш ўринлари захирага қўйилади. Ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:

- лавозимларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини 1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда белгилайди;

- келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони тўғрисидаги маълумотларни 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда маҳаллий меҳнат органига тақдим этади.

Захирага қўйиладиган иш ўринлари қисқартирилган ёки тугатилган ҳолларда ташкилот маҳаллий меҳнат органига ахборот тақдим этади.

Технологиядаги, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва меҳнат шарт-шароитларидаги ўзгаришлар, ходимлар сонининг ўзгаришига олиб келган иш ҳажмларининг қисқариши билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш чоғида, захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштирилган шахслар учун иш ўринлари, агар ушбу шахсларнинг сони ходимлар сони ўзгарган календарь йил учун туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган захирага қўйиладиган иш ўринлари сонидан ортиқ бўлмаса, устувор тартибда сақланади.

Қонунга кўра, захирага қўйиладиган иш ўрни илгари ушбу иш ўрнини эгаллаган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши муносабати билан бўшаганда, ташкилот янгидан очилган бўш (вакант) иш ўрни тўғрисида маҳаллий меҳнат органини ўн кунлик муддатда хабардор қилиши шарт.

Ташкилот туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ ўзи учун иш ўринлари захирага қўйиладиган тоифадаги шахсларни ишга жойлаштириши шарт.

Туман (шаҳар) ҳокимининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини ташкил этишга доир қарорини бажармаганлик, шунингдек, захирага қўйиладиган иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари томонидан юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этганлик Қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Жавобгарликка тортиш захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ташкил этиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этган ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан субсидиялар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари белгиланган сондан ортиқча захирага қўйиладиган иш ўринлари ташкил этган ташкилотларга ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқа чора-тадбирлар учун яшаш учун мўлжалланмаган жойларни биринчи навбатда ажратиш орқали ўз ваколатлари доирасида имтиёзлар белгилаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Қонун 2021 йил 21 январдан эътиборан кучга киради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|