“Ўзбекнефтгаз”: Геология-қидирув ишлари натижасида “Андакли” конидаги навбатдаги қудуқдан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олишга эришилди (Видео)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2020 йилга мўлжалланган углеводород хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш Дастури доирасида “Андакли” конида бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Дастурга мувофиқ жорий йилнинг август ойида “Андакли” конидаги 5-сонли қидирув қудуғида Юра қатламининг нефть ва газга истиқболлигини ўрганиш мақсадида бурғилаш ишлари бошланган эди.

Қудуқни синаш жараёнида 2464–2459 метр оралиғидан (Юра даври терриген ётқизиқларининг XVII қатлами) перфорация ишлари натижасида саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди. Қудуқда ўтказилган геологик-тадқиқот ишлари натижасида табиий газнинг кунлик дебити 16 мм штуцерда 426,5 минг куб метрни ва 34,1 куб метр газ конденсатини ташкил қилди.

Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида жойлашган ушбу қудуқда объектлар бўйича синаш ишлари давом этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|