“Ўзбекнефтгаз”: “Андижон нефть базаси”да ёнғин, саноат ва меҳнат хавфсизлиги ҳолатлари ҳар кунлик текширувдан ўтказилади (Фото)

Бош саҳифа Русский

Маълумки, 2020 йил 26 ноябрь куни “Пахта нефть базаси” МЧЖ сиғимида ёнғин юзага келиши натижасида 6 киши жароҳат олган эди.

Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли нефть базаларидаги ёнғин, саноат ва меҳнат хавфсизлиги ҳолатлари яна бир бор ўрганиб чиқилди.

Хусусан, “Андижон нефть базаси” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам тегишли буйруғи ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги, стандартларига риоя қилиш, метрология, автотранспорт воситаларидан техник фойдаланиш талабларининг ижроси бўйича салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

“Андижон нефть базаси” масъулияти чекланган жамияти ҳамда унинг таркибидаги “Асака”, “Пойтуғ”, “Гурунч мозор” ва “Шаҳрихон” филиалларининг бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши, автоматик ёнғиндан дарак бериш тизимлари, ёнғинни ўчириш қурилмалари, ёнғинга қарши сув таъминоти манбалари (гидрантлар, сув ҳавзалари, ички ёнғин ўчириш жўмраклари), ёнғин ўчириш техникаларининг созлиги яна бир бор текширувдан ўтказилди.

Масъуллар режавий огоҳлантирувчи таъмирлаш (ППР) жадвалларига асосан, технологик қурилмалар ва қувурлар, сиғимлар, насос-агрегатлар ва шамоллатиш (вентиляция) қурилмаларининг белгиланган муддатларда текширувдан ўтказилиши ва таъмирланишини қатъий назоратга олиши бўйича огоҳлантирилди.

Уларга тасдиқланган режа график асосида мавжуд сиғимларни дефектоскопия кўригидан ўтказиш, уларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда объектларда бажариладиган газ хавфи бор, ёнғин учун хавфли, баландликда олиб бориладиган ва бошқа мураккаб ишлар хавфсизлик йўриқномалари талабларига қатъий риоя қилинган тартибда амалга оширилиши бўйича топшириқлар берилди.

Жамият ва филиаллардаги мавжуд махсус ўт ўчириш техникалари ва сув насосларининг техник холатлари яна бир бор кўрикдан ўтказилиб, ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Корхонанинг раҳбар ва муҳандис-техник ходимлари томонидан барча объектлардаги иншоотлар ва қурилмаларнинг регламент асосида ишлаши, улардан техник фойдаланиш, меҳнат муҳофазаси, саноат хавфсизлиги, хавфсизлик техникаси, ёнғин ва электр хавфсизлиги ҳолатлари устидан ҳар кунлик текширувлар ташкил этилиши ва аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилиши белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|