“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизими – янги босқичда

Бош саҳифа Русский

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг эътибор марказида турган долзарб масалалардан бири бу – коррупция иллатига қарши курашишдир. Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув аппарати ҳамда тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда нефть ва газ соҳасида коррупцияга қарши курашиш, уни олдини олиш мақсадида ҳалқаро тажрибалардан келиб чиқиб “комплаенс-назорат” тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда ва такомиллаштирилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси доирасида “KPMG” халқаро аудиторлик компанияси билан 2019 йил ноябрь ойидан бери ҳамкорлик олиб борилиб, хорижий тажрибани ўрганиш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимини жорий қилиш ҳамда тегишли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4664-сон Қарорида ҳам коррупцияга қарши "комплаенс назорат" тизимига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Жамият Бошқаруви раисининг тегишли буйруғи билан марказий аппаратда жорий йилнинг май ойида Молиявий ва комплаенс назорат департаменти фаолияти йўлга қўйилган бўлса, Жамият Бошқарувининг 28 сентябрдаги 67-сонли қарорига мувофиқ, тизим корхоналарида “комплаенс назорат”ни амалга оширувчи “комплаенс инспектор”лар фаолиятини йўлга қўйилиши юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Бугунги кунда ташкилий-услубий ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу “комплаенс инспектор”ларнинг асосий вазифалари – жамият ва унинг тассаруфидаги барча фаолият соҳаларининг иш самарадорлиги ҳамда ишбилармонлик обрўсини йўқолишини, ходимларнинг манфаатлари ҳимоясизланишини ва амалдаги қонун ҳужжатлар талаблари бузилишига салбий таъсир этувчи ҳар қандай коррупцион, молиявий ёки бошқа хавф-хатарларни олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.

Шунингдек, “KPMG” компанияси билан ҳамкорлик доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бизнес жараёнларига тегишли коррупцион хатарларни минималлаштириш, олдини олишга доир 13 та ички меъёрий ҳужжатлар амалиётга жорий этилди ва 5 та ички меъёрий ҳужжатлар Жамиятнинг Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув Кенгашида тасдиқланиши учун тавсия этилди.

Ҳусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш сиёсати, “Ахлоқ кодекси”, “Ахлоқ комиссияси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш”, “Хайрия ва ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш”, “Иш юзасидан совғалар ва меҳмондўстлик белгилари”, “Хизмат тадбирлари ва вакиллик харажатлари тўғрисида”ги Низомлар, “Жамият контрагентларини (ҳамкорларини) ўрганиш тўғрисида”, Номзодларни ишга қабул қилишда ўрганиш ва Хизмат текширувларини ўтказиш бўйича йўриқнома, Коррупцияга қарши курашиш бўйича ходимларни ўқитиш ишларини ташкил қилиш юзасидан методик қўлланмалар ҳамда бошқа тартиблар шулар жумласидандир.


Шу билан бир қаторда, “KPMG” компанияси маслаҳатчилари тавсиялари асосида Жамиятнинг тегишли соҳа йўналишларидаги мавжуд ички меъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилмоқда ва бу каби чора-тадбирлар тизим ташкилотлар фаолиятида ҳам давом эттирилмоқда.

Қайд этиш лозимки, ушбу ички меъёрий ҳужжатларни Жамият фаолиятининг барча йўналишларида самарали жорий этилиши, коррупцион хатарларга муҳит яратувчи салбий оқибатларнинг олди олинишини ва фаолиятни белгиланган тартиб қоидаларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлайди.

“Комплаенс инспектор”лар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, лойиҳа доирасида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ўқув курслари ва тегишли ишлар олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|