“Ўзбекнефтгаз”: Бухорода олиб борилган излов-қидирув ишлари натижасида табиий газ қазиб олинадиган янги кон очилди (Видео, фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, кенг кўламда геология-разведка, излов-қидирув ишлари олиб борилди.

“Углеводород хомашё базасини қайта тиклаш ва ривожлантириш дастури” доирасида излов-қидирув бурғилаш ишлари ўтказиш учун Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган “Жанубий Аққум” майдони танлаб олинди.

“Жанубий Аққум” майдони “Аққум” ва “Ғарбий Хўжа” газконденсат конлари яқинида жойлашган бўлиб, беш ой давомида олиб борилган ишлар ўз самарасини берди ҳамда 1-сонли излов қудуғидан табиий газ оқими олинди.

“Жанубий Аққум” майдони 1-сонли излов қудуғида бурғилаш ишлари юра қатламининг нефть ва газ истиқболлигини ўрганиш мақсадида, жорий йилнинг 17 март кунида бошланган бўлиб, 2175 метр чуқурликкача бурғилаб ўтилди.

Қудуқни 2175–2115 метр оралиғида (XV-1, XV-2 қатламлар) бурғилаш жараёни очиқ ўзанда синаб кўрилганда, саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди ва бунинг натижасида янги газконденсат кони очилди.

Ҳозирда, ушбу қудуқдан олинган табиий газнинг кунлик дебити 150–200 минг куб метрни ташкил қилмоқда.

Яқин кунларда қудуқнинг ҳақиқий дебити ва қатлам хусусиятларини аниқлаш мақсадида, газконденсат тадқиқот ишлари ўтказилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|